Спорт | 17:15 / 04.06.2020
7093
5 дақиқада ўқилади

«Хавинеста». Фарқлар ва ўхшашликлар

Фото: Getty Images

Бир пайтлар футболда «Хавинеста» ибораси бўларди. Биргаликда жаҳон ва Европа чемпиони бўлган бу икки футболчи шу даражада эътиборли жуфтлик бўлгандиларки, ҳатто уларсиз Месси ҳам ўртамиёна футболчи, деб юборадиганлар бўлганди. Шубҳасиз, баъзилар томонидан, футбол тарихидаги энг кучли жамоа деб тан олинадиган 2009-2012 йиллардаги «Барселона» ҳам асосан мана шу икки футболчининг елкасида турарди.

Рус блогери Станислав Ринкевич бу футболчилар аслида бир хилми ёки фарқли, уларни қандай эслаб қолишимиз ва ёшларга қандай ҳикоя қилиб беришимиз кераклиги ҳақида ёзди.

«Ўйлашимча, Хави ва Иньеста тарихга дуэт сифатида кирадилар. Вақт ўтган сари уларни алоҳида эслаш камайиб бораверади. Бу футболчиларни Википедия маълумотлари ёки интернетдаги лавҳалар орқали биладиганлар ҳақида айтганда. Уларнинг ўйинини кўрмаган, худди шундай шаклда биладиган журналистлар, табиийки, дуэт сифатида айтиб беришлари табиий, чунки ўзига хос жиҳат бор - академиянинг икки тарбияланувчиси клубда 6 ва 8, терма жамоада эса, 8 ва 6 рақамларда тўп суриб, ютиш мумкин бўлган барча совринларни ютиб оладилар. Аксарият ҳолларда, бу дуэт Месси ҳақидаги ҳикояларда кўп тилга олинади - «Хавинестасиз Месси бўлмас эди» деб ёзишади улар. 

Аслида эса, Хави ва Иньеста бутунлай фарқли бўлган ва турлича йўлни босиб ўтган икки футболчидир. 

Хави - ўз вақтида Гвардиолага ўринбосар сифатида қаралган, ҳатто академияда юрган чоғидаёқ, ўзи ҳақида шундай гапиришларига мажбур қилган. Аммо асосий фаолиятини у сояда ўтказди. Ҳамма эслаб қолган Хави - «Олтин тўп»га даъвогар бўлган, қоплаб голли узатмаларни амалга оширадиган футболчи. Бу Хавининг чўққиси. Бу чўққига эса, айнан Гвардиола яратган тизим ёрдамида чиққанди. Айнан Гвардиола даврида Хави соядан чиқди ва эътиборга сазовор бўлди.

28 ёшгача у анча орқароқда, деярли таянч ярим ҳимоячида тўп сурган. Райкаард даврида ҳатто у «Барселона»ни тарк этиш ҳақида ўйлаганди. Чунки унинг майдондаги позицияси футболдан завқ олиш имконини бермаётганди. 

Қисқа қилиб айтганда, Хавининг ҳикояси шуки, у узоқ вақт бир хил мусиқани чалиб юрган, аммо қачондир, ўша мусиқа урфга айланиб, машҳур бўлиб кетган мусиқачини эслатади.

Иньеста эса, бошқа, кўпроқ «жим юрсанг, узоқроққа борасан» мақолини эслатиб юборади. Бу томондан у Хавидан кўра, Мессига ўхшаб кетади. Анча камтар бўлган, лекин футболни тушуниши билан жамоаси учун жуда муҳим ўйинларни ютиб берган қаҳрамон. Бир қараганда, у қадар кўзга ташланувчи ҳаракатлар қилмайди, лекин терма жамоа билан ҳаммасини ютган. У қадар урф эмасдир, лекин ҳамма яхши кўрган. «Барселона»да уни «базмлар қироли» деб ҳам аташар эди.

Қизиғи, унинг голлари - айнан у «Челси»га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида барчасининг оёғини осмондан қилиб юборган зарбани ижро этганди.

У Нидерландия дарвозасига жаҳон чемпионати финалида ҳал қилувчи голни урган.

Худди Месси каби, Иньеста ҳам, ёши катта бўлгачгина, сардорлик қила бошлади, ўшандагина уни биз жанжалларга аралашган, жамоадошларининг ёнини олган ҳолатда кўрдик. Шу томони билан у Хавидек провакатор эмас, шунинг учун Испаниянинг барча стадионларида олқишланади. 

Уларнинг кучи ўзаро тушунишда эди. Улар ҳақида «фарқли бўлганликлари учун ҳам зўр бўлишган» ёки «худди сиам эгизакларидек» деб баҳолаб юборишдан тийилиш керак. Уларнинг ўхшашликлари шунда эдики, футболни бир хил кўрардилар, жамоага ўйнардилар ва тўп билан ўта нозик муомала қила олардилар.

Лекин агар Хавини «жараён» деб атайдиган бўлсак, Иньеста - натижа. Хави асосан ўйинларнинг «Барселона» ташаббуси остида ўтишини таъминлашга жавоб берарди. У худди 90 дақиқа диктант давомида ўқувчиларга матнни айтиб бериб турадиган она-тили ўқитувчисига ўхшайди. Ўхшатишни давом эттирсак, Иньеста сўнгги партада ўтирадиган ва олимпиада пайтларида тўғри жавобни ҳаммадан олдин топиб қўядиган ўқувчи. Жавоб ҳам кўпинча, кутилмаган, ноанъанавий йўл билан топилади, дейиш ҳам мумкин».

Мавзуга оид