10:16 / 05.06.2020
9420

“Газ-53”га “Кобальт” рақами тақилгани, “Нексия-2”да “ВАЗ-2101” рақами олиб юрилганлиги фош этилди

Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ҳамда Наманган вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тадбир давомида фуқаро М.А. бошқарувидаги “ГАЗ-53” русумли юк автомашинаси Қўриқ МФЙ ҳудудида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, ушбу юк машинаси қўшни мамлакатдан ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кирилганлиги ҳамда унга тақиб олинган давлат рақами аслида “Кобальт” автомашинасига тегишли эканлиги маълум бўлди.

Яна бир ҳолатда давлат рақами мавжуд бўлмаган “Нексия-2” русумли автомашина Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғи Фурқат МФЙ ҳудудида тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда назоратдан ўтказилди. Натижада, автомашина муқаддам қўшни мамлакатдан ноқонуний йўллар орқали олиб ўтилганлиги ҳамда автомашина юкхонасида Уйчи туманида яшовчи А.З.га қарашли “ВАЗ-2101” русумли автомашинага тегишли давлат рақами борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top