Ўзбекистон | 22:36 / 05.06.2020
46251
2 дақиқада ўқилади

Кунлик тузалишлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун Ўзбекистонда жами 160 нафар бемор коронавирусдан тузалгани ҳақида хабар берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, бугун яна 20 нафар бемор шифо топиб, бугуннинг ўзида 160 нафар бемор соғайди ҳамда кунлик соғайиш кўрсаткичлари бўйича рекорд натижа қайд этилди. 

Навоий вилоятида 14 нафар, Самарқанд вилоятида 4 нафар, Андижон вилоятида 2 нафар, жами 20 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилган.

«Бу, шубҳасиз, дунёда коронавирус пандемияси авж олиб турган бир пайтда, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни муваффақиятли даволаш борасида олиб борилган изчил чора-тадбирларнинг улкан самарасидир.

Энг муҳими, тажрибали ва фидойи шифокорларимиз матонат билан коронавирусга қарши курашмоқдалар ва бунинг натижаси – шифо топаётган фуқароларимизнинг кўлами, ўлим кўрсаткичи эса ўта пастлигида намоён бўлмоқда», дейилади хабарда.

Навоийда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (12 нафари Зарафшон шаҳридан, Хатирчи ва Нурота туманларидан 1 нафардан). Улардан 10 нафари эркак, 4 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 52 ёшда, ёши кичиги 2 ёшда. Ушбу вилоятда эндиликда соғайганлар сони 110 нафарга етди.

Самарқандда тузалганларнинг ҳам барчаси ушбу вилоятдан (Жомбой, Ургут, Нарпай ва Пастдарғом туманларидан 1 нафардан). Уларнинг 3 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 40 ёшда, ёши кичиги 24 ёшда. Ушбу вилоятда эндиликда соғайганлар 318 нафарга етди.

Андижон вилоятида тузалганларнинг 2 нафари ҳам эркак бўлиб (50 ёшли ва 32 ёшли) ушбу вилоятдан (Избоскан ва Балиқчи туманларидан 1 нафардан). Ушбу вилоятда эндиликда соғайганлар сони 177 нафарга етиб, 1 нафар бемор даволанмоқда ва коронавирусдан холи ҳудуд бўлишга яқин турибди.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жами 140 нафар бемор тузалгани хабар қилинганди.

Шундай қилиб, бугун кун давомида 160 нафар бемор тузалиб, аввалги кунларга нисбатан рекорд қайд этилди. Эндиликда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами соғайганлар 3247 нафарга етди.
 

Мавзуга оид