Ўзбекистон | 23:53 / 06.06.2020
116111
4 дақиқада ўқилади

Бугун 9 ҳудудда янги ҳолатлар қайд этилди

6 июнь куни Ўзбекистонда 87та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва 21 бемор соғайди. Шу вақтгача 3268 беморга жавоб берилган, 17 киши вафот этган, шифохоналарда 809 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун янги ҳолатлар 9 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Сирдарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 87та ҳолатдан 62таси карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида, 20таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 5 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. 

Аҳоли орасида (+20)
Тошкент шаҳрида аҳоли орасида жами 10та ҳолат аниқланди. Жумладан, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиа Парк» савдо мажмуасининг яна 2 нафар ходимида ҳам коронавирус қайд этилган.

Хоразм вилоятида аҳоли орасида 3та ҳолат тасдиқланди ва ушбу вилоят яна коронавирусли ҳудудга айланди. 4 июнь куни Хоразмда биратўла 14 кишида вирус аниқлангани ва вилоятга коронавирус қайтгани ҳақида хабарлар тарқалган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотга изоҳ бериб, касалланиш ҳолатлари тасдиқланиши учун яна текширувлар ўтказилиши кераклигини маълум қилганди.

Наманган вилоятида аҳоли орасида 6 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Наманганда янги ҳолатлар аниқланмаётган ва вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин келганди. Аммо 5 июнь кунидан аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқлана бошлади.

Қашқадарё вилоятида ишловчи 1 қозоғистонликда ҳам вирус аниқланган. Вилоятда даволанишдаги беморлар сони 5 нафарга етган.

Ҳайдовчилар (+5)
Бугунги ҳолатларнинг барчаси Тошкент вилоятида аниқланган - Россиядан чегара пост орқали Ўзбекистонга кириб келган 5 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчида вирус чиққан.

Карантин (+62)
Навоий вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган 5 кишида вирус аниқланган. Вилоятда жами ҳолатлар сони 224тага етди, шундан 110 киши соғайиб чиққан.

Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган фуқаролардан 3 нафарида вирус аниқланган. Вилоятда жами ҳолатлар сони 378тага етган, шундан 318 киши соғайиб чиққан.

Андижон вилоятида карантинга олинган 1 кишида ва Қирғизистондан келган 2 кишида вирус аниқланган. Ушбу вилоят ҳам коронавирусдан холи бўлишга яқин қолганди ва шифохонада бир бемор қолганди, аммо бугунги ҳолатлардан кейин даволанишдаги беморлар сони 4 нафарга етди.

Сирдарёда ҳам вирус аниқланиши давом этмоқда - бугун коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлардан 4 нафарида вирус аниқланган.

Тошкент вилоятида карантин марказидагилардан 47 нафарида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган.

Тузалганлар
Бугун Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 21 нафар фуқаро соғайиб чиқишди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4094 нафар бемордан 3268 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 79 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 809 нафар бемордан 10 нафари оғир, 3 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунгача жами 438 602 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 394 310 нафари карантиндан чиқарилган. 

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 23 313 нафар, стационар карантинда эса 20 979 нафар фуқаро тиббий кузатувда.

Мавзуга оид