Жаҳон | 14:17 / 08.06.2020
22538
5 дақиқада ўқилади

Пандемия давридаги парвозлар: еттита янги ва битта эски қоида

Круиз лайнерлари Covid-19 тарқалиши борасида хавф туғдириши мумкинлигига гувоҳ бўлдик. Авиа саёҳатлар ҳам бу борада у қадар катта фарққа эга эмас. Аэропортда йўловчилар тўпланади, авиакомпанияларнинг бизнес модели эса ҳаво ҳароратини бир хилда сақлаш тизимига эга кичик хонага иложи борича кўпроқ одамни сиғдириш асосига қурилган. Бундай шароитда ҳатто биргина касалланган одам ҳам пандемиянинг янги оқимига сабаб бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Жаҳон ЯИМда авиаташувларнинг улуши 2,7 трлн АҚШ долларини ташкил қилади. Демак, ушбу саноат ҳеч нарсага қарамай ўзининг фаолиятини қайтадан бошлашга ҳаракат қилади. IATA (International Air Transport Association – Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) дунёдаги жами ҳаво ташувларининг 82 фоизлик улушига эга 290та авиакомпания манфаатларини ифодалайди. Ўтган ҳафтада ташкилот авиаташувларни янгилашда биохавфсизлик бўйича «йўл харитаси»ни эълон қилди. У якуний ҳужжат саналмайди ва ҳозирча бирорта давлат органлари томонидан қабул қилинмади. Бироқ ташкилотнинг мавқейини ҳисобга олган ҳолда мазкур 21 саҳифадан иборат ҳисобот – тармоқнинг келажаги ва ўзгараётган дунёда парвозлар қандай кўринишда бўлиши ҳақида тасаввурга эга бўлишнинг яхши усули.

Демак, йўловчилар эътибор қаратиши керак бўлган жиҳатлар қуйидагилардан иборат.

1. Аэропортда иложи борича камроқ вақт ўтказиш

IATA одамлар аэропортда ўтказадиган вақтни минималлаштирмоқчи. Бу эса рейс учун рўйхатга олиш масофадан амалга оширилишини англатади. Ташкилот жаҳон ҳукуматларига визаларни ва бошқа йўл билан боғлиқ ҳужжатларни электрон рўйхатга олинишига рухсат берилишини сўради. Янада содда нарсаларда ҳам ўзгаришлар бўлади. Масалан, йўловчилардан юк учун ёрлиқларни мустақил тарзда чиқариш таклиф этилади.

2. Ҳароратни ўлчаш ва иммунитет паспорти ҳақида орзу қилиш

Аэропорт терминалига киришида ҳароратни ўлчашга тўғри келади.

IATA келажакда йўловчилар Covid-19’га экспресс тестдан ўтказилишига умид билдирмоқда. Шунингдек, ташкилот мутахассислари айрим ҳукуматлар томонидан режалаштирилаётган иммунитет паспорти пайдо бўлишининг аҳамиятини тан олмоқда.

3. Бир-биридан иложи борича узоқроқ туриш

Парвоздан олдинги текширув, самолётга ўтириш, юкни топшириш – аэропортда узун навбат кутишлар доим мавжуд бўлган. Эндиликда унга ҳароратни ўлчаш учун навбат ҳам қўшилади. Одамлар ўртасида эса бир метрдан икки метргача масофа бўлади. Қоғозда IATA томонидан берилган таклиф анча оддий кўринади. Бироқ аэропортда бир марта бўлса ҳам навбатда турган одам буни ташкил этиш осон бўлмаслигини тушунади.

4. Қўлдаги юкни багажга топшириш

Оддий бўлмаган ечимларнинг яна бири. IATA аэропортлар ва ҳукуматлар бортга ўтказиш жараёнини тезлаштириш учун гейтлар ишини ўзгартириши керак деб ҳисоблайди. Биринчи қадам қўл юкига тегиш бўйича чекловларга тегишли. Бу борада авиакомпанияларнинг юк учун бепул жойлар таклиф этиши – савол остидаги масала.

5. Самолётдан бошқа ҳамма жойда ижтимоий масофани сақлаш

«Биз таҳлил қилган маълумотдан шу келиб чиқадики, бортдаги бир йўловчидан бошқасига Covid-19’нинг юқиши эҳтимоли паст», деб ёзади IATA. Мутахассислар буни самолётлардаги ҳаво бир соатда ўн марта HEPA-фильтрлар орқали ўтиши, одамлар эса бир-бирига қарама-қарши эмас, ёнма-ён ўтиришлари билан изоҳлайди.

Камида бир нафар эксперт бу фикрга қарши: у йўловчилар томонидан чиқарилган ҳаво фильтрга келиб тушгунича салон бўйлаб тарқалиши ҳақида эслатади. Бироқ IATA ўзининг бу борадаги фикрида қатъий. Бу эса битта рейсга иложи борича кўпроқ чипта сотишга интиладиган авиаташувчиларнинг молиявий манфаатлари томонидан билдирилган позиция.

«Бортдаги қўшимча масофани яратишга эҳтиёж йўқ», дея хабар қилади ташкилот мутахассислари. IATA ҳужжатида салонда бўш жой қолдириш ёки рейс учун сотилаётган чипталар сонини чеклаш бўйича кўрсатмалар мавжуд эмас. Йўловчиларга ниқоб тақиш маслаҳат берилган, бироқ бу таклиф тавсиявий характерга эга.

6. Касаллик белгилари пайдо бўлганида ўзига хос муносабат кўрсатилиши

Йўловчи барча текширувлардан ўтиб, бортга тушганида ҳам парвоз давомида йўталиши мумкин. Аввалдан ўргатилган стюардессалар унда Covid-19 мавжудлигини текширадилар ва бортдаги бошқа йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Бу қандай амалга оширилади? Йўталаётган йўловчидан ниқоб тақиш сўралади, бошқалардан бир метр масофага ўтказилади ёки унинг атрофидаги жойлар бўшатилади (самолёт тўла бўлганда буни амалга оширишнинг иложи бўлмаса керак). Экипаж аъзоларидан бири бемор ҳақида ғамхўрлик қилиш вазифасини ўз зиммасига олади. Иложи борича бундай йўловчига алоҳида ҳожатхона ажратилади. Бу эса хусусий самолётлардаги шароитларни ёдга солади.

7. Ўриндиқларга антибактериал сочиқчалар билан ишлов бериш

Бундай сочиқчаларни авиакомпания бепул тақдим этади.

8. Юкларни одатдагига қараганда тезроқ олиш

Чамадонлар ишқибозлари учун кичик ғалаба: юкни олиш жараёнини тезлаштириш ва ижтимоий масофани таъминлаш учун IATA конвейер ленталарининг максмимал миқдоридан фойдаланишни таклиф этмоқда. Эндиликда ўз буюмларингизга етиб олиш учун бошқа учта рейс йўловчилари билан мусобақалашишингизга тўғри келмайди.

Мавзуга оид