09:07 / 09.06.2020
6222

Футбол ўйнаш мумкин, фақат карантин қоидаларига амал қилишни унутмаслик керак – Нурмат Отабеков

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг айтишича, сунъий қопламали футбол майдонларида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда спорт билан шуғулланса бўлади.

«Республика махсус комиссияси қарорига асосан 1 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолиятига рухсат берилган. Шунга кўра, сунъий қопламали футбол майдонларида спорт билан шуғулланса бўлади. Фақат бунда карантин қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Республика бош давлат санитария инспекторининг таъкидлашича, пирометр бўлмаган ҳолатда фитнес залига ташриф буюрувчилар учун индивидуал симоб термометридан фойдаланиш мумкин, фақат бунинг учун айрим талабларни бажариш керк бўлади.

«Фитнес залига ташриф буюрувчилар учун индивидуал симоб термометридан фойдаланишга рухсат берилади. Фақат бундай турдаги термометрдан ҳар сафар фойдаланганингиздан кейин уни дезинфекция қилишингиз керак. Шуни ёдда тутиш жоизки, фитнес залидаги термометрлар сони шуғулланувчилар сонига мос бўлиши, яъни барчага етадиган миқдорда сотиб олиниши керак. Аммо бундай жойлар учун имкон қадар пирометр сотиб олиш тавсия этилади», дейди у.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top