Ғазода анъанавий Рамазон футбол турнирлари ўтказилади. Бу йилги турнирлар олдингиларидан фарқ қилади. 5 кишилик жамоалардан иборат футбол турнири фаластинлик қочоқлар лагерига уруш вақтида қандай қувонч олиб келаётгани ҳақида болалар Al-Jazeera нашрига гапириб берди.

Моат Ража Аллоҳ 6 йиллик тажрибага эга 19 ёшли футболчи. Ғазодаги Рамазон футбол турнирларининг энг яхши ўйинчиларидан бири сифатида танилган бу йигит ҳозиргача 12 та кубок ва бошқа мукофотларни қўлга киритган. Бу йил Ража ҳам Рамазон футбол турнирини Ғазо секторининг марказида жойлашган Дайр ал-Балаҳдаги Ас-Салаҳ футбол клубидаги қочқинлар лагерида ўтказяпти. У ва оиласи ҳам бошқалар каби Исроилнинг Ғазога уруши пайтида қочқинлар лагерига кўчирилган. Ража оиласи учун ифторликка товуқ сотиб олиш ва Исроил ҳужумларидан вайрон бўлган уйи устида ифторлик қилишни орзу қилади. “Рамазон турнирлари энди аввалгидек эмас. Ўйинчиларда ўтган йиллардаги рақобат, иштиёқ ва байрам муҳити етишмаяпти”, – деди Ража Аллоҳ.

1000 дан ортиқ одам уруш сабаб беш ой аввал футбол ўйинлари ва машғулотлар тўхтаб қолган “Ас-Салаҳ” футбол клубидан бошпана топган. Клуб кўчирилган оилаларни озроқ бўлса ҳам чалғитиш учун Рамазон ойида кичик футбол мусобақасини ўтказиб турибди. “Бу турнирни ташкил қилиш орқали биз ўзимизни овунтиряпмиз, дунёга Ғазода ҳаёт бор демоқчимиз. Энг яхши ўйин кўрсатган 2 та жамоага мукофот сифатида пул ёки озиқ-овқат ёрдам пакети берамиз. Бу унчалик ҳам тўғри эмас, лекин шу уларга қувонч келтириши мумкин”, – деган клубнинг спорт ишлари бўйича директори Набил Абу-Аср.

Олдинги Рамазон турнирлари каби бўлмаса ҳам бу футбол турнирлари оилаларга бир лаҳзалик қувонч бера оляпти. Ўғли гол урганда оналар хурсанд бўлишади, кичик болалар уларга четдан туриб мухлислик қилади. Ялангоёқ ёки йиртилган этик кийган болалар палма дарахтлари билан ўралган кўчалар ёки яшаш ҳудудлари билан ўралган кичик футбол кортларида ўз маҳоратларини кўрсатишади. Одамларнинг қий-чувлари атрофда юрган Исроил дронлари овозини босиб кетади. Ўйин тугагач яна уруш ҳақиқати давом этаверади.















