Жамият | 09:45 / 09.06.2020
29472
12 дақиқада ўқилади

Ҳазорасплик фермер ердан маҳрум қилинди, у режаларни ортиғи билан бажариб келган 

Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманидаги «Улуғбек» фермер хўжалиги ерлари давлат захирасига қайтарилди. 66 ёшли фермер ҳосил режаларини ортиғи билан бажарганини таъкидламоқда.

Ҳазорасп тумани, «Бешта» қишлоғидаги «Улуғбек» фермер хўжалиги 1994 йилда Қадамбой Ибодуллаев томонидан чорвачилик йўналиши бўйича ташкил қилинган. Кейинчалик фаолияти пахта-ғалла йўналишига ўзгартирилиб, ер майдонлари 113,1 гектарга етказилган.

66 ёшли Қадамбой ака 21 йил давомида фермер хўжалигини бошқариб, нафақага чиққанидан сўнг, раҳбарликни ўғли Улуғбек Ибодуллаевга топширган.

Ҳоким ерни захирага қайтариш ва фермер хўжалигини тугатиш жараёнини бошлаш ҳақида қарор чиқарди

2020 йил 3 апрель куни Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов томонидан «Улуғбек» фермер хўжалигига тегишли 113,1 гектар ерни давлат захирасига қайтарилиши, фермер хўжалигини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш жараёнини амалга ошириш, ерларни эса қайта танловга қўйиш ҳақида қарор чиқарилди.

Бундай қарорнинг қабул қилинишига «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Ҳазорасп тумани бўлими тақдимномаси асос қилиб олинган.

Унда 2019 йил ҳосили учун (!) асосий майдонга 48,1 гектар пахта экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 57,8 гектар (9,7 гектар ортиқча) пахта экилгани, 27,7 гектар ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 33,1 гектар ғалла экилгани (5,4 гектар ортиқча), 2,7 гектар сабзавот, 1,6 гектар беда экиш режалаштирилган бўлиб, амалда ушбу экинлар умуман экилмагани, 1,9 гектар полиз экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 3,8 гектар экилгани (1,9 гектар ортиқча), режадаги 2 гектар мош ўрнига, 3,2 гектар мош (1,2 гектар ортиқча) экилгани, режадаги 6,5 гектар озуқа экинлари ўрнига 6,2 гектар (0,3 гектар кам) экилгани, 4,9 гектар макка силос ўрнига 6,2 гектар экилгани (1,3 гектар ортиқча), 19,6 гектар шоли экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 28,9 гектар экилгани (9,3 гектар ортиқча) ва 2,9 гектар ер майдонидан самарасиз фойдаланиб келингани кўрсатилган.

Бундан ташқари, фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Ибодуллаев туман ҳокимлиги билан узоқ муддатли ер ижараси шартномасини тузмасдан, ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани қайд этилган.

Ҳазорасп тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам «Улуғбек» фермер хўжалигининг ижара шартномасини бекор қилиб, ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисида хулоса берган.

Хулосанинг мазмуни «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Ҳазорасп тумани бўлими тақдимномасидан фарқ қилмайди. Қўшимчасига «Улуғбек» фермер хўжалиги Кенгаш ҳисоб рақамига 2,52 млн сўм аъзолик бадалини тўламасдан, «Республикамиз қонун қоидаларига беписандлик қилиб келаётгани» кўрсатилган.

Ҳокимнинг ноқонуний қарори, унга асос қилиб олинган тақдимнома ва хулосадаги чалкашликлар

«Улуғбек» фермер хўжалигига тегишли 113,1 гектар ер давлат захирасига қайтарилиши бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг санаси эътиборни жалб қилади.

Жумладан, Ҳазорасп тумани ҳокими қарори 2020 йил 3 апрель куни имзоланган. Аммо бунга асос қилиб олинган «Ергеодезкадастр» тақдимномаси 6 апрель куни, Кенгаш хулосаси эса 10 апрель куни, яъни ҳоким қарори чиққанидан сўнг ёзилганини қандай тушуниш мумкин?

Бундан ташқари, президентнинг 5780-сонли фармонига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ваколати тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилган эди.

Қарорнинг бекор қилиниши ва узоққа бормаган қувонч

«Улуғбек» фермер хўжалиги раҳбари Ҳазорасп тумани ҳокими томонидан чиқарилган қарор устидан президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллади. Адлия вазирлиги шикоят бўйича текширув ўтказиб, 2020 йил 3 апрель куни Ҳазорасп тумани ҳокими томонидан «Улуғбек» фермер хўжалигига тегишли 113,1 гектар ерни давлат захирасига қайтариш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда ҳуқуқбузарлик ҳолатларга йўл қўйилганини аниқлади ва уни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритди. Натижада, 2020 йил 7 май куни бу қарор бекор қилинди ва ерлар фермерга қайтарилди.

Аммо, қонун устуворлиги таъминлангани, адолат қарор топганидан хурсанд бўлган фермернинг қувончи узоқ чўзилмади.

2020 йил 12 май куни Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани кенгаши бир қатор фермер хўжаликлари, жумладан «Улуғбек» фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Унда «Улуғбек» фермер хўжалиги шартномавий шартларни бажармасдан, белгиланган экин турларини экмасдан, ер ижара шартномасини тузмасдан ҳамда агротехник тадбирларни қўпол равишда бузган ҳолда ерлардан нотўғри фойдаланиб келаётгани» узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилишга асос бўлиши кўрсатилган.

Фермер ерни қайтариб олиш учун «асос» бўлган ҳолатларга раддия билдирмоқда

«Улуғбек» фермер хўжалиги асосчиси Қадамбой Ибодуллаев тақдимнома ва хулосаларда кўрсатилган ва ерни қайтариб олишга «асос бўлаётган» ҳолатларга изоҳ берди.

Биринчидан, тақдимнома ва хулосада келтирилган сабаблар 2019 йил (!) ҳосили бўйича кўрсатилмоқда. Агар бу сабаблар рост бўлса, нега Кенгаш ерни қишда эмас, балки деҳқончилик мавсуми ўртасида, май ойида, яъни жуда катта маблағлар эвазига экиш, суғориш ишлари амалга оширилганидан кейин қайтариб олмоқда? Нима учун бу «камчиликлар»га одатда ҳамма иш сарҳисоб қилинадиган январь, февраль ойларида эътибор қаратилмади?

Иккинчидан, ер майдонларига экин турларининг кўп ёки кам экилгани ҳақидаги айбловларда мантиқ йўқ. Чунки фермер 2019 йил ҳосилининг йиллик режаси кўрсатилган шартномаларни қўлига олмаган. Қишлоқ хўжалиги соҳасида йиллар давомида қўлланиб келаётган амалиётга кўра, туман ҳокимликларининг қишлоқ хўжалиги бўлимлари фермернинг қўлига экин майдонлари ва режадаги ҳосил кўрсатилган шартномани бермайди. Бу иш фермерларни тизгинда ушлаб туриш, босим уюштириш, ўз йўриғига юритиш, мавсум охирида эса ҳосил режасидаги камчиликларни «тўғрилаб юбориш» учун қилинади.

Фермерлар пахта ва ғалла етиштириш шартномасининг бўш бланкасини (яъни экиладиган ер майдони ва режадаги ҳосил кўрсатилмаган бланкани) имзолаш ва муҳрлашга мажбурланади, ҳужжат унинг қўлига берилмайди. Фермерга «фалон» гектарга «фалон» экинни экасан» деган оғзаки топшириқ бўлади. Йил охирида ҳосилнинг яхши ёки ёмон бўлишидан келиб чиқиб, шартномадаги бўш қолдирилган катакка кўрсаткичлар (ер майдони ёки режадаги ҳосил) ошириб ёки камайтириб ёзилади. Агар ошириб ёзилса, фермер қўшимча ҳосил топширишга мажбур бўлади. Агар камайтириб ёзилса, унинг ортиқча ҳосили режани бажармаган фермерлар ҳисобига ўтказилади. Йиллар давомида фермерлар мана шундай шароитда ишлаяпти. Уларда ҳуқуқ йўқ, фақат мажбурият бор. Фермер маҳаллий ҳокимларга том маънода қарам ҳолатда ушлаб турилади. Бўш қоғозга муҳр босиш ва имзо чекишни истамаган, «бўйсунмас» фермерлар «ўйиндан чиқарилади». 

Амалда «Улуғбек» фермер хўжалиги раҳбари 2019 йил ҳисобига қанча пахта, ғалла, шоли ёки бошқа экинларни экиши лозимлигини шартномадан эмас, балки 2020 йил апрель ойида «постфактум» ёзилган тақдимнома ва хулосалардан билиб турибди.

Учинчидан, «Улуғбек» фермер хўжалигининг туман ҳокимлиги билан узоқ муддатли ер ижараси шартномасини тузмагани рост. Қадамбой Ибодуллаев бунинг сабабларини тушунтирди. У «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Ҳазорасп тумани бўлимидан ўзига ажратилган ерларнинг ҳақиқий майдонига аниқлик киритишни бир неча марта талаб қилган. Гап шундаки, фермерга таклиф қилинаётган ерларнинг баъзи қисми давлат захирасига ўз вақтида қайтарилмасдан турибди. Ҳозир ҳам ундан маҳаллий аҳоли томорқа сифатида фойдаланиб келяпти. Баъзи жойларида эса ноқонуний уй-жой қуришга уриниш ҳолатлари бўлган. Қадамбой Ибодуллаев бундай низоли ерларни ўз тасарруфига олишни, бу ерлар учун жавобгар бўлишни ва бошқалар фойдаланиб келаётган ерлар учун солиқ тўлашни истамаяпти. Фермер бундай ерлар бўшатиб берилганидан сўнг шартнома имзолашни хоҳламоқда. Унинг ҳамқишлоқлари билан жанжаллашиш истаги йўқ. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Ҳазорасп тумани бўлими бундай ерларнинг ҳақиқий чегаралари ва эгаларини аниқлаши, қонуний ҳолатга келтириши, шундан кейингина узоқ муддатли шартнома таклиф қилиши лозим эмасми-ди? Афсуски, бу ишлар шу кунгача қилинмаган.

Айни пайтда «Улуғбек» фермер хўжалигининг туман ҳокимлиги билан чегаралари аниқ бўлган 94 гектар ер майдони бўйича тузилган узоқ муддатли (45 йиллик) ер ижараси шартномаси бор ва у ерлардан қонуний фойдаланиб келмоқда.

Тўртинчидан, қарорда фермер агротехник тадбирларни қўпол равишда бузган ҳолда ерлардан нотўғри фойдаланиб келаётгани кўрсатилган. Аммо бу ҳақда комиссия томонидан ўрганиш олиб борилгани қайд этилиб, фермер иштирокида далолатнома имзоланиши шарт эмасмиди? Фермерга қайси агротехник тадбирларни бузгани ва қайси ҳолатда ерлардан нотўғри фойдалангани кўрсатилиши лозимку? Нега депутатлар фермернинг иштирокида бу масалани ўрганиб чиқишмаган?

Фермер сўнгги уч йилда режаларни тўлиқ бажарган ва ердан нима учун маҳрум қилинганини тушунтиришларини истаяпти

Ер кодекси 36-моддасининг 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилиниши назарда тутилган.

Аммо «Улуғбек» фермер хўжалиги сўнгги 3 йил давомида барча режаларни ортиғи билан бажариб келган. Жумладан, 2017 йилда пахта ҳосили 103,6 фоизга, ғалла ҳосили 104,7 фоизга бажарилган. 2018 йилда пахта ҳосили 100,8 фоизга, ғалла ҳосили 120,6 фоизга бажарилган. 2019 йилда пахта ҳосили 102,4 фоизга, ғалла ҳосили 120 фоизга бажарилган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор.

Қадамбой Ибодуллаев касби тракторчи бўлган, умрининг аксарият қисмини далада меҳнат қилиб ўтказган, 26 йилдан бери фермерлик қилмоқда. Ҳазорасп туманида ҳурмат қозонган, илғор фермерлардан бири ҳисобланади. Унда деҳқончилик қилиш учун барча зарур техникалар бор. Бир неча йил олдин ўша вақтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев кўмагида Хитойдан YTO русумли занжирли трактор ҳам сотиб олган. Қурғоқчилик ва бошқа табиий шароитлар оғир бўлмаган йилларда ҳосил режаларини ортиғи билан бажариб келган. «Улуғбек» фермер хўжалигининг бу йилги ғалла ва пахта экинлари ҳам кўзни қувонтирадиган даражада яхши униб чиққан.

Қадамбой Ибодуллаев Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан ўз фермер хўжалигига нисбатан қилинаётган бундай адолатсизликдан қаттиқ норози. Депутатлар кенгаши эса қайси айбига кўра ерларни захирага қайтарганини тушунмаяпти.

Фермернинг мурожаатида кўтарилган масалалар юзасидан изох олиш мақсадида туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ва туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси раҳбари билан боғланишга уриндик. Аммо амалга оширган барча қўнғироқларимиз натижа бермади.

Фермер хўжалигида меҳнат қилиб, рўзғор тебратиб юрган 6 нафар ходим ҳам ишсиз қолган. Афсуски, халқимиз учун оғир бўлиб турган бундай вазиятда уларнинг ва оиласининг тақдири ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид