02:53 / 10.06.2020
7750

Дунё бўйлаб кунлик вирус юқтириш ҳолати бир кунда 22 мингга камайди

Фото: EFE

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ортда қолган бир кун давомида дунё бўйлаб 109 мингга яқин одамда коронавирус аниқланган. Умумий касалланганлар сони эса 7,04 миллионга яқинлашган.

Кунлик ўлимлар сони 3,5 мингдан ортиқ бўлди ва умумий ҳисобда 404 мингдан ошиб кетди. ЖССТ кўрсатган рақамлар мамлакатлар тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланган. Таққослаш учун ташкилотнинг бир кун олдинги ҳисоботида кунлик коронавирус аниқланганлар сони 131 мингдан ортиқ бўлган. Яъни, охирги бир кундагидан 22 мингга кўпроқ. Кунлик ўлимлар сони эса деярли ўзгаришсиз қолди.

Энг кўп ҳолат Америка қитъасида кузатилди. Бир кун давомида қитъада коронавирус юқтирганлар сони 54 мингга кўпайди. Дунё бўйлаб содир бўлган 3,5 мингта ўлимнинг 2,1 мингтаси айнан Америка қитъаси давлатларига тўғри келади. Европада эса 24 соат давомида 16 мингта янги ҳолат аниқланиб, ўлимлар сони 551тага ошди.

Касалланганлар сони бўйича ҳамон АҚШ катта фарқ билан биринчи ўринда бормоқда. ЖССТ маълумотига кўра, АҚШда 1,93 миллиондан ортиқ одам вирус юқтирган. Кейинги ўринларда Бразилия (691 минг), Россия (485 минг), Британия (287 минг), Ҳиндистон (266 минг), Испания (241 минг), Италия (235 минг), Перу (196 минг), Германия (184 минг) ва Эрон (173 минг) бормоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top