Жаҳон | 07:25 / 17.06.2020
5730
2 дақиқада ўқилади

БМТ Лотин Америкасида коронавирус сабабли “очарчилик пандемияси” бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурида коронавирус билан боғлиқ инқироз Лотин Америкасида очарчиликка олиб келмаслиги учун халқаро ҳамжамият тезроқ ҳаракат қилишга чорланди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.  

“Биз у ердаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳолатдан хавотирдамиз. Афсуски, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият борасидаги ҳам янгиликлар яхшимас. Биз у ерда очарчилик пандемияси олдини олишимиз учун тезроқ ҳаракат қилмоғимиз лозим”, деб айтган Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги бўлими бошлиғи Мигел Баррето.

Ташкилотнинг баҳолашича, Жанубий ва Марказий Америкада ҳамда Кариб ҳавзаси давлатларида коронавирус инқирози ва у сабабли киритилган чекловлар озиқ-овқат етишмовчилигига олиб келиши, бундан 40 млнга яқин одам жабр чекиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ушбу минтақанинг 11 та давлатида йил бошида 3,4 млн киши озиқ-овқат етишмовчилигига тўқнаш келган, ярим йил ўтиб эса уларнинг сони 14 млнни ташкил қилмоқда.  

Аввалроқ ЖССТда айни вақтда коронавирус билан боғлиқ энг хавотирли вазият Лотин ва Марказий Америка давлатларида вужудга келаётгани, чунки у ерда касалланганлар сони ортаётгани ва етарли миқдорда тестлар ўтказилмаётгани айтилган. 

Мавзуга оид