Light | 16:29 / 24.06.2020
19207
4 дақиқада ўқилади

Галстук тақиш одати қандай пайдо бўлган?

Эркаклар гардеробининг ажралмас қисмига айланиб улгурган аксессуар – галстукнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ бир қанча тахминлар мавжуд.

Миср

Галстукни эслатувчи аксессуарнинг илк шакллари Қадимги Мисрда учрагани тахмин қилинади. Тўғри геометрик шаклдаги мато парчасини Қадимги Миср аҳолисининг баъзи вакиллари бўйни ва елкасига ташлаб қўйган. Бу – шахснинг жамиятда муайян ижтимой мавқега эгалигини англатиб турган.

Хитой

Қадимги Хитойнинг Син сулоласи вакили Шихуан Дининг қабрида 40 мингдан зиёд сопол аскар ҳайкалчалари топилган. Бу аскарларнинг бўйнида галстукни эслатувчи кенг энли боғичлар борлигини кўриш мумкин.

Манбаларга кўра, Қадимги Хитойда ҳарбийларнинг оддий аҳоли вакилларидан ажралиб туриши учун бундай атрибутдан фойдаланилган.

Аммо Қадимги Хитойда ҳам, Қадимги Мисрда ҳам фойдаланилган бўйинбоғлар бугунги галстукдан фарқланиб, асосий жиҳати – тугун қисми бўлмаган.

Рим

Бўйинга мато парчасини боғлаш анъанаси Рим легионерларидан қолган деган қараш ҳам мавжуд. Римнинг Траян колоннаси легионерлари бўйинларига мато бўлаги – фаскалиани боғлаб юришгани манбаларда айтилади, бундан мақсад – металл совут ҳошиялари аскарнинг бўйин қисмига жароҳат етказишининг олдини олиш эди.

Европа

Минтақада галстукнинг илк прототипи 1635 йилда пайдо бўлган.

Франция қўшинлари таркибида бўлган хорватлар Усмонли турклар империяси билан бўлган тўқнашувда ғалаба қозонгач, Парижга тантанали марш билан кириб келишади. Хорват офицерлари ёрқин ранглардаги матоларни бўйинларига боғлаб олишган бўлиб, бу парижликларнинг диққатини дарҳол тортади. Французлар хорватлардан бу нималигини сўраб мурожаат қилганда, хорватлар кимлигимизни сўрашяпти, деб ўйлаб, хорват (croates) деб жавоб беришади. Натижада бўйинга боғланадиган мато Европа тилларига «крават» тарзида кириб келади.

Француз қироли Людовик XIV ҳам бу атрибутга қизиқиб қолади ва ўзи ҳам шойи мато парчасини бўйнига боғлаб юришни одат қилади, кўплаб французлар ҳам қиролга тақлид қила бошлашади.

19-асрнинг иккинчи ярмига келиб, қайрилма ёқали эркаклар кўйлаги ҳам урфга кира бошлайди. Шундан сўнг бўйинбоғни ёқа остидан ўтказиб, узун тил қисмини пастга тушириб қўйиш одатга айланади.

Рус ўлкасида

Шу даврга келиб, галстук рус ўлкасига ҳам кириб келади. Новаторлиги билан танилган император Пётр I ҳатто галстук тақиб юриш мажбурияти бўйича махсус қарор ҳам чиқарган. Аммо бу боярлар томонидан хушланмай қабул қилинади, чунки галстук анъанавий рус кийимлари билан мос келмасди. Шунинг учун уни ёқтирмасдан «сиртмоқ», «илон» деган салбий бўёқдор сўзлар билан аташган.

Рус ўлкасида галстукнинг оммалашиши ёзувчи Александр Пушкин сабабли юз беради – у энли бўйинбоғ боғлаб юришни яхши кўрарди.

Замонавий галстук

Европада эса галстукнинг кенг аҳоли орасида оммалашиши Лорд Байрон билан боғлиқ. У галстукни бўш қилиб, бўйинни қисмайдиган тарзда тақишни яхши кўрарди. Шу билан боғлиқ равишда, галстукни бўш қилиб боғлаш «аля байрон» деб ном олади.

Яна бир европалик адиб Оноре де Бальзак ҳам галстук тақишни яхши кўрган, у ҳатто «Галстук тақиш санъати» номли китоб ёзади. Унда бўйинбоғларнинг турлари батафсил тушунтирилган, уни боғлашнинг турли шакллари кўрсатилган.

Галстукнинг бугунги замонавий кўриниши 1924 йилда муомалага киради. Америкалик тадбиркор Жесси Лангсдорф замонавий шаклдаги галстукни бичади ва уни ўз номига патентлайди. Лангсдорф аввалгидан фарқли равишда галстукни бир эмас, балки уч бўлак матодан тикади, бу орқали галстукни узоқ вақт тақиб турганда ҳам ўз шаклини йўқотмаслигига эришилади.

Мавзуга оид