Ўзбекистон | 11:38 / 25.06.2020
6133
6 дақиқада ўқилади

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби белгиланди

Қарор билан стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия қатор мақсадлар учун берилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 403-сонли “Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби белгиланди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси хабарига кўра, ушбу қарор билан стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия қуйидаги мақсадлар учун берилиши белгиланган:

геологик жиҳатдан ўрганиш;

фойдали қазилмаларни кавлаб олиш;

техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш;

фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш;

муҳофаза этиладиган геологик объектларни барпо этиш;

нодир тош хомашёси намуналарини, палеонтологик қолдиқларни ва бошқа геологик коллекциябоп материалларни тўплаш.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар:

геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун аукцион натижалари кўра;

фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш, шу жумладан, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида, муҳофаза этиладиган геологик объектларни барпо этиш, нодир тош хомашёси намуналарини, палеонтологик қолдиқларни ва бошқа геологик коллекциябоп материалларни тўплаш тўғридан-тўғри музокаралар натижаларига кўра “биринчи топширилган буюртма” қоидаларига биноан буюртманомаларни кўриб чиқиш йўли билан берилиши белгиланган.

Стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар асосида берилиши белгиланган:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда улар томонидан тасдиқланган “йўл хариталари”га мувофиқ;

ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукционларда бир йил давомида ўтказилмаган деб топилган тақдирда;

ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни молиялаштирган юридик шахсга фойдали қазилмаларни қазиб олишга мутлақ ҳуқуқ бошқа шахсга (тўлиқ ёки қисман) берилган тақдирда;

углеводород хомашёси ва стратегик турдаги фойдали қазилмаларнинг тижорат салоҳиятга эга алоҳида объектлари бўйича, шунингдек, алоҳида битимлар доирасида Вазирлар Маҳкамасининг “Ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш бўйича давлат комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йили 12 декабрдаги 989-сон қарори билан тасдиқланган Ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш бўйича Давлат комиссияси билан ҳамкорликда танлов савдолари асосида энг яхши таклифларни танлаш орқали.

Ер қаъридан фойдаланиш муддатлари “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қуйидагича белгиланган:

 

геологик жиҳатдан ўрганишга – беш йилгача муддатга;

фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун – фойдали қазилма конини ёки техноген минерал ҳосилаларни ишга солишнинг техник-иқтисодий асосларда белгиланган муддатига;

нодир тош хомашёси намуналарини, палеонтологик қолдиқларни ва бошқа геологик коллекциябоп материалларни тўплаш учун – икки йилгача муддатга;

фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш, шу жумладан, нефть, газ, газ конденсати, бошқа моддалар ва материалларни ер остида сақлаш, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш учун – муддатсиз фойдаланишга;

муҳофаза этиладиган геология объектларини барпо этиш учун – муддатсиз фойдаланишга берилади.

 

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи қуйидагича белгиланган:

 

геологик қидирув ишлари учун – “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда аниқланган имзоли бонус ставкаси миқдорида;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланганлик учун – “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда аниқланган тижоратбоп топилма бонуси ставкаси миқдорида.

 

Стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар беришнинг муддати:

 

электрон-онлайн аукцион якунлари бўйича 12 кун;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали 20 кун этиб белгиланган.

 

Қарорда белгиланган чора-тадбирлар қуйидагиларга имкон беради:

 

биринчидан – стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни беришда шаффофликни таъминлаш, аризаларни кўриб чиқишни тезлаштириш ва “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида ким ошди савдоси натижалари асосида беришга;

иккинчидан – хўжалик юритувчи субъектларнинг стратегик турдаги фойдали қазилмалар конларини ўзлаштириш ва ривожлантиришга қизиқишини оширишга;

учинчидан – маҳаллий хомашё негизида саноат ишлаб чиқаришни ташкил этишни жадаллаштириш ва ҳудудларнинг комплекс ривожланишига ҳисса қўшишга;

тўртинчидан – республиканинг чекка ҳудудларида янги иш ўринларини яратишга.

Мавзуга оид