Жаҳон | 19:44 / 28.06.2020
8925
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Москвага кетган вақтида Минскда сув билан муаммо чиққанига изоҳ берди

Беларус президенти Александр Лукашенко Ғалаба парадида иштирок этиш учун Москвага кетган вақтида Минскда ичимлик суви билан муаммо юзага келган. Лукашенконинг таъкидлашича, у вазият ўнгланмагунча, уни ўз назоратида ушлаб турган.

Лукашенко 24 июнда Москвада бўлганда Беларусь пойтахтининг учта туманида ичимлик суви ёмонлашиши билан боғлиқ муаммо чиққан. Тахмин қилинишича, қувурлар таъмирланиши вақтида улардаги сув ўз вақтида тортиб олинмай қолиб кетган ва кейинроқ хонадонларга айниган сув берилган. 

Беларусь президентининг таъкидлашича, у бу муаммо ўнгланмагунча уни ўз назорати остида ушлаб турган. Унинг таъкидлашича, у амалдорларга айниган сувни ўзлари ичишлари билан таҳдид қилган. Лукашенко бу ҳақда “Беларусь 1” телеканали эфирида айтиб ўтган.

“Мен буни нимага айтмоқдаман? Диктатура – бу ёмон. Бироқ бир кечада оғир муаммо ҳал қилингудек бўлса, унда диктатура – яхши. Диктатуранинг бунга нима дахли бор, масъулият бўлиши лозим!”, деб айтган Лукашенко.

Унинг таъкидлашича, Минскда сув билан муаммо Москвага кетиши биланоқ юзага келган. 

“Учиб келишим билан Минскда сув билан муаммо чиққанини эшитиб турибман. Рости, ёш болалар каби бир дақиқага ўзини ташлаб кетиб бўлмайди, деган хаёлга келдим. Энди мамлакатни ёқиб юбормасликлари учун кетаётганда гугуртни яширишга тўғри келяпти. Беларусдан ташқарига чиқаётганимда, ҳақиқатан шундай эҳтиёткорлик қилишимга тўғри келмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Беларусь раҳбари.

Шунингдек, Лукашенко Москвадан қайтгач, мамлакатда конституцияни қайта кўриб чиқишга тайёрланаётганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, гап турли даражадаги ҳокимият ваколатларини янгича тақсимлаш ва ҳуқуқларнинг бир қисмининг маҳаллий раҳбарларга берилиши ҳақида бормоқда.  

Мавзуга оид