Ўзбекистон | 14:00 / 28.06.2020
77615
10 дақиқада ўқилади

«Вирусни жиловлаш мумкин» – профессор Жасур Ризаев билан суҳбат

Коронавирус чекина бошлагани айтилаётган бўлса-да, бу мавзудаги саволлар ҳамон долзарблигича қолмоқда, одамлар ҳалигача асосан коронавирус ҳақида гаплашмоқда. Коронавирусгача бўлган дунё, ундан кейинги ҳаёт, касаллик вакцинаси – шу ва бошқа қизиқарли мавзулар ҳақида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлар доктори профессор Жасур Ризаев билан суҳбат уюштирдик.

Жасур Ризаев / Фото: KUN.UZ

«Нафақат ходим, оддий одам сифатида Самарқандда яшаш ёқимли»

Суҳбатдошимиздан аввало Самарқандга келгани, бу ўзига хос ротацияни қандай қабул қилгани ҳақида сўрадик. У нафақат давлат ходими, балки оддий инсон сифатида Самарқандда яшашнинг ўзи ёқимли экани ҳақида қайд этиб ўтди:

«Биласизми, Самарқандга нафақат давлатнинг ходими сифатида, балки оддий одам сифатида яшашнинг ўзи ёқимли. Фаолиятимда турли ротациялар бўлган, туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам ишлаганман, аммо бунақа тажриба илк марта бўлиши. Самарқанд давлат тиббиёт институти нафақат мамлакатда, балки минтақада ўз номига эга олийгоҳ. Бу ердан кўплаб академиклар, профессорлар чиқишган. II жаҳон уруши вақтида Ленинград ҳарбий тиббиёт академияси вақтинча Самарқанд тиббиёт академиясига кўчирилган. Қисқа муддат бўлса-да, собиқ иттифоқдаги етакчи тиббиёт олийгоҳининг Самарқандда фаолият юритиши кейинчалик ҳудудда тиббиёт ривожига ҳисса қўшган».

Профессор билан суҳбатимизнинг асосий қисмини коронавирус ҳақидаги саволлар ташкил этди. Жасур Ризаев коронавирус бутун дунёни шошириб қўйганини таъкидлади:

«Коронавирус билан боғлиқ вазият нафақат бутун дунёдаги тиббиёт ходимларини, балки барча инсонларни шошириб қўйди. Пандемия жуда катта лойиҳаларни тўхтатиб қўйди. Иқтисодиётга, одамларнинг яшаш тарзига таъсир қилди.

Бир нарсани унутмаслик керак, коронавирус янги вирус эмас. Унинг устида кўплаб ўрганишлар қилинган. Вирус бугунги кунда мураккаб модификацияга учраб, пандемия шароитини келтириб чиқарди. Бунга эса давлатлар тайёр эмасди. Бизда коронавирусга қарши кураш тўғри йўлга қўйилгани учун бугун касаллик кўрсаткичи юқори эмас. Масалан, МДҲда фоиз кўрсаткичи бўйича энг яхши кўрсаткичлардан бири бизда».

«Вирус билан «дўстона яшашга» ўрганишимиз керак»

Суҳбатдошимизнинг айтишича, вирус бутунлай йўқолиб кетиши қийин масала. Шундай бўлса-да, уни инсоният учун кам хавф туғдирадиган вирусга айланиб қолишига эришиш мумкин:

«Менга кўпчилик «Вирус йўқолиб кетадими?», деб савол беради. Шуни тушунишимиз керакки, вирус йўқолиб кетмаган тақдирда ҳам инсоният у билан «дўстона яшашга» ўрганиши керак. Бунинг имкони бор. Масалан, биз карантинни тўғри йўлга қўйдик, даволаш борасида тўғри ишладик, касалликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрдик ва натижада карантиндан кам йўқотиш билан чиқишимизга умид қилишимиз мумкин.

Шу ўринда айтишим керак, эпидемиологик вазият вақтида Самарқанд тиббиёт институти ходимлари ҳам қараб тургани йўқ. Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарёдаги мингга яқин тиббиёт ходимларини коронавирусга қарши кураш доирасида қайта тайёрлашга ёрдам бердик. Биз уларни аввало ўзини ҳимоялашга ўргатишга эътибор қаратдик. Чунки тиббиёт ходимлари вирусга қарши курашда аввало ўзини ҳимоялаши керак. Вирусга бўлган нотўғри муносабат тиббиёт ходимларига зарар етказиши мумкин.

Институтимизнинг 20 нафар ходимларидан иборат махсус гуруҳни жойларга чиқариб, тиббиёт ходимлари учун семинарлар ўтказдик. Бундан ташқари, Самарқанддаги коронавирус юқтирган беморлар даволанаётган учта касалхонада институтимиз ходимлари кўнгилли сифатида ишламоқда. Табиийки, жараён ҳақида маълумотга эга бўлиб туриш учун онлайн тарзда даволаш жараёнидан хабардор бўлиб турдик.

Шу ўринда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам ишлар тўғри йўлга қўйилганини айтишимиз керак. Мисол тариқасида шуни келтиришиз мумкинки, беморлар барча ерда бир хил даволанмоқда. Масалан, вирусология институтида ҳам, чекка ҳудудларда ҳам бир хил даражада шароитлар яратилган.

Даволаш жараёнида берилган тавсиялар ишлаб чиқишда ҳам Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари фаол иштирок этишди. Беморларни даволаш учун энг муҳим тизимлардан бири бу бирламчи даволаш муассасалари ҳисобланган поликлиникалар. Чунки одам касал бўлса, биринчи бўлиб поликлиникага мурожаат қилади. Мана шу тизимга кўмаклашиш мақсадида институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан бепул онлайн-поликлиника ташкил этилди.

Бугунгача 5 мингга яқин онлайн мурожаатлар қабул қилинди. Одамлар коронавируснинг дастлабки аломатларга ўхшаш аломатларни сезганда мурожаат қилишди. Бундан ташқари, кўнгилли талабалар томонидан Call-марказлар ташкил этилди. 24 соат ишлаган Call-марказ 3 мингдан ортиқ мурожаатларга жавоб берди».

«Масалан, Ўзбекистон қизамиқдан холи ҳудуд деган сертификат ҳам олган»

Тиббиёт фанлари доктори бўлган суҳбатдошимиз вирусларни жиловлаш имкони борлигини қайд этиб ўтди:

«Тиббиёт ўлат, вабо каби ўта хавфли инфекцияларни жиловлай олган. Ёки бўлмаса, тез юқувчан касалликлар бор: қизилча, қизамиқ. ХХ аср тиббиётининг асосий ютуқларидан бири айнан инфекцияларнинг жиловланиши бўлди. Эндиликда бу касалликларнинг хавфлилик даражаси юқори эмас. Масалан, Ўзбекистон қизамиқдан холи ҳудуд деган сертификат ҳам олган. Бу эса демак юқумли касалликларни жиловлаш мумкин деган хулосани беради.

Коронавирусни ҳам жиловлаш мумкин. Ўзбекистон миқиёсида олсак, касаллик ривожланиб бормоқда, аммо жиловлаш мумкин бўлган даражада. Вакцина эса коронавирус одамга юқиши ва салбий таъсирини минимум даражагача тушириши мумкин. Масалан, грипп ҳам бир вақтлар одамнинг умрига зомин бўладиган касаллик эди, аммо ҳозир унинг таъсири минимал даражагача тушган. Коронавирус ҳам қачондир минимал таъсир қилувчи касаллик сифатида худди грипп каби биз билан қолади.

Агар биз шахсий гигиенага риоя қилсак, иммунитетни яхшиласак, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдалансак, касаллик таъсирини ўзимиз ҳам камайтирган бўламиз. Яна такрорлайман, касалликни бошқариш мумкин. Масалан, 34 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда касалланганлар сони фоиз ҳисобида юқори эмас. Иш тўғри ташкил қилинса, ҳар қандай касаллик таъсирини камайтириш мумкин».

Карантин сабаб одамлар уйдан чиқмаяпти ва табиийки касалхоналарга ҳам шошилинч ҳолатлардан бошқа вақтда бормаяпти. Одамларнинг узоқ вақт касалхоналарга бормаслиги кейинчалик бирданига касалликлар кўпайиши ва касалхоналарга қийинчилик туғдириши мумкинми? Профессордан шу саволимизга жавоб олдик:

«Бутун дунёда тиббий хизмат бўйича биринчи катта босимни бирламчи даволаш муассасалари қабул қилади. Булар амбулатор поликлиникалар. Албатта, тез тиббий ёрдам ҳам бунинг ажралмас қисми. Шу ўринда бир мулоҳаза келади: одамларимизда касалхонага ётмасам, осма укол олмасам, тузалмайман, деган тушунча бор. Баъзи беморларни уколсиз таблетка билан даволамоқчи бўлсангиз, сизга шубҳа билан ҳам қарашади, бу яхши шифокормикин ўзи, дегандек.

Ҳар қандай касалликни даволаш асосан иммунитетга боғлиқ. Бериладиган дорилар шунчаки туртки. Жарроҳлик касалликларидан ташқари, албатта. Ўйлайманки, карантин тугагач, табиийки касалхоналарга мурожаатлар кўпаяди. Бу режали равишда даволанишга эҳтиёжи бор одамлар ҳисобига. Аммо тезкор ёрдам бўйича ёки айнан қандайдир касалликлар бўйича мурожаатлар режали тарзда давом этади. Чунки юқорида айтганимдек, биринчи ва энг асосий тўлқинни қабул қиладиган поликлиникалар фаолияти давом этмоқда. Бундан ташқари, карантин вақтида одамларда уй шароитида даволанса бўларкан-ку, стационарга бориш шарт эмаскан деган тушунча ҳам пайдо бўлди. Карантин кўпчиликда мана шундай фикр уйғотди.

Барча нарсанинг яхши ва ёмон томонлари бор. Карантиннинг яхши жиҳатлари сифатида онлайн платформанинг ривожланганини айтиш мумкин. Бундан ташқари, олимлар битмай қолган илмий ишларини битириб олишяпти.

Карантин келтириб чиқиши мумкин бўлган салбий жиҳатларни айтадиган бўлсак, кўпчиликда камҳаракатликка мойиллик пайдо бўлиши мумкин. Камҳаракатлик танада бошқа касалликни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Шу сабаб карантинда уй шароитида бўлса ҳам спорт билан шуғулланиб туриш керак. Шунингдек, овқатланиш меъёрининг бузилиши қон-томир ва асаб касалликларини келтириб чиқариши мумкин».

Карантин бошлангандан сўнг гигиена қоидаларига риоя қилиш тинимсиз тарғиб қилинмоқда. Шифокорларнинг айтишича, бу бошқа юқумли касалликлар бўйича мурожаатлар камайишига олиб келган. Карантиндан кейин ҳам ҳар замонда қўлини ювишга, ниқоб тақиб юришга одатланган инсоният учун юқумли касалликлар билан оғриш камаядими? Суҳбатдошимизнинг фикри қуйидагича:

«Инсоннинг табиати шунақа: кўзи билан кўриб қўли билан ушламаган нарсага ишонмайди. Бугун кўряпмизки, кўзга кўринмайдиган кичкина зарра ҳам катта муаммоларни келтириб чиқарди ва одамлар буни кўзи билан кўриб, ишонди. Касаллик ваҳимаси табиийки одамлар орасида гигиеник кун тартибига риоя қилиш даражасини оширди. Одамлар микроблар, вируслар билан аввало ўзи курашиши кераклигини тушуниб етди.

Натижада ҳаво томчилари орқали ва бошқа йўллар билан юқувчи касалликлар миқдори камайди. Ҳозир барчамиз уйга киришимиз билан қўлни ювишга одатландик, уйдаги кичкина болалар ҳам. Бу айниқса болаларда турғун рефлекс келтириб чиқаряпти. Бугун мана шундай чекловларни кўрган авлод улғайгач ҳам ниқоб тақиб юришга одатланади».

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

Мавзуга оид