Иқтисодиёт | 17:25 / 29.06.2020
5753
3 дақиқада ўқилади

Биржада сотилган шакар ва бензин ҳажми очиқланди

Ўтган ҳафта давомида, яъни 22 – 28 июнь кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг барча савдо платформаларида 1,1 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 3,8 фоизга кўпдир. 

Сотувларнинг 87,4 фоизи - биржа савдолари, 4,8 фоизи - кўргазма-ярмарка савдолари, 6,8 фоизи - электрон давлат харидлари ва 0,9 фоизи - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 427,0 млрд сўмни ташкил қилди, бу эса аввалги ҳафтага нисбатан 5,6 фоизга кўпдир. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 17,0 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 1 498 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 8,7 млрд сўмни ташкил қилди, бу эса олдинги ҳафтага нисбатан 19,5 фоизга кўпдир. Савдолар натижасида битимларнинг 5,1 фоизи биринчи тоифадаги авторақамларга, 17,8 фоизи иккинчи, 24,2 фоизи учинчи, 12,3 фоизи тўртинчи, 16,9 фоизи бешинчи ва 23,8 фоизи олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 979,1 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу кўрсаткич олдинги ҳафтага нисбатан 4,9 фоизга кўпдир. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 4 364,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 1 488,0 тоннаси, яъни 34,1 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 73 та харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9,3 млн сўмдан 9,1 млн сўмгача, яъни 2,3 фоизга пасайди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан 0,8 фоизга пасайиб, маҳсулотни бир тоннаси учун 9 млн сўмни ташкил этди.

Ҳафта давомида биржа савдоларига 3 965,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 252,0 тоннаси, яъни 6,3 фоизи сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5,83 млн сўмдан 5,85 млн сўмгача, яъни 0,3 фоизга кўтарилди. Ўтказилган биржа савдолари натижасида шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи аввалги ҳафтага нисбатан 2,2 фоизга ўсиб, маҳсулотни бир тоннаси учун 5,84 млн сўмни ташкил этди.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 159 199,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 22 117,7 тоннаси, яъни 13,9 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 69 харидор иштирок этди.

Биржа савдоларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базалари, автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бензинни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган бошқа юридик шахслар иштирок этишди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3,7 млн сўмдан 3,9 млн сўмгача, яъни 6,3 фоизга кўтарилди.

АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 5,8 фоизга кўтарилиб, бензиннинг бир тоннаси учун 3,8 млн сўмни, АИ-91 бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси 1,2 фоизга кўтарилиб, бензиннинг бир тоннаси учун 4,4 млн сўмни ташкил этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид