17:18 / 29.06.2020
48575

Бухорода коронавирусдан илк ўлим қайд этилди. Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 23тага етди

Шофиркон туманида яшаган, 21 июнь куни коронавирусдан зарарланиш ташхиси билан Бухорода шифохонага ётқизилган аёл оламдан ўтди. Бу ушбу вилоятда коронавирусдан илк ўлим ҳолати, Ўзбекистонда эса 23-ўлим бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухорода коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди.

«Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, 1962 йилда туғилган М.С. коронавирус инфекциясида гумонланиб, жорий йил 21 июнь куни туман тиббиёт бирлашмасидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. 

У «Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, семизлик 3-даражаси, ўпка артерияси тромбоэмболияси. Нафас етишмовчилиги 3-даража» ташхиси билан реанимация бўлимига ётқизилган.

Бемор (аёл) бундан аввал, сўнгги 8 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, артериал гипертония, юрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи Бухоро вилоятидаги шифокорларимиз билан бир қаторда мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассисларининг ҳам назоратида бўлиб, улар иштирокида консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ мутахассисларимизнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

28 июнь куни Тошкентда икки киши коронавирус туфайли вафот этгани, улардан бири шифокор бўлиб, хизмат вақтида вирусга чалингани хабар қилинганди.

Шу вақтгача Тошкентда 13, Наманганда 4, Самарқандда ва Сурхондарёда 2тадан, Фарғонада битта ўлим рўй берганди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top