08:28 / 01.07.2020
10303

Молия вазирлигида янги лавозим тайинлови амалга оширилди

«Ахборот ҳисоблаш маркази» унитар корхонаси директори тайинланди.

Икром Жуманиёзов Молия вазирлиги «Ахборот ҳисоблаш маркази» унитар корхонаси директори лавозимига тайинланди.

Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Икром Жуманиёзов 1985 йил Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний туманида туғилган. Маълумоти олий. 2008 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини, 2011 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У ўз фаолиятини Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Банклараро ҳисоб-китоб маркази халқаро ҳужжатли операциялар бошқармасида Экспорт аккредитивлари ва кафолатлар бўлими иккинчи тоифали мутахассиси сифатида бошлаган.

2013-2015 йилларда Молия вазирлиги Ғазначилиги Методология молиявий ресурслар ва ҳисобларни бошқариш бошқармаси Бюджетнинг ғазна ижроси методологияси бўлимининг бош мутахассиси. 2015 йилда Молия вазирлиги Валюта активлари ва мажбуриятлари бош бошқармасининг Экспортдан тушадиган даромадларни режалаштириш ва мониторинг қилиш бўлимининг бош иқтисодчиси лавозимида, кейинчалик ушбу бошқарманинг Жамлама-таҳлил валюта бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2016 йилда Молия вазирлиги Жамланма ахборот-таҳлил бошқармасининг Назорат бўлими бошлиғи, 2017-2018 йилларда Молия вазирлиги Жамланма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи.

Икром Жуманиёзов тайинловга қадар Молия вазирлиги Ижро назорати ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Top