Ўзбекистонда Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази фаолият бошлайди
Марказ директори Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг ўринбосари ҳисобланади.
Президент “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, фаолият кўрсатмаётган, ишлатилмай турган нотурар объектлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда уларни ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхоналари негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ташкил этилмоқда.
Марказ директори Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг ўринбосари ҳисобланади.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
- мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
- бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш;
- ижарага берилган давлат мулки объектлари ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;
- ижарага берилган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сақланиши, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
- давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;
- давлат муассасалари (корхоналари)га оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисмини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларини Марказ тасарруфига ўтказиш;
- Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
- бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш.
Марказ давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида барча давлат органларидан, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур бўлган ахборот ва материалларни сўраб олишга ҳақли.
Марказнинг жами ходимлар сони 309 нафарни ташкил этади.
Марказ Агентликнинг тугатилаётган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУКнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан шартномавий муносабатлар бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Марказ ва ҳудудий бошқармалар ходимлари ўз вазифалари доирасида бўш турган объектларга тўсқинликсиз киради ва кўздан кечиради. Бунда, хусусий мулк объектларига кириш ва уларни кўздан кечириш текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади;
Марказ бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ҳар йили 1 апрелга қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради. Бўш турган объектлар ҳақидаги маълумотларни эса, расмий веб-сайтида жойлаштиради ва ҳар ойда янгилаб боради.
Ҳудудий бошқармалар ходимлари туман (шаҳар)ларнинг ҳар бир маҳалласига бириктирилади ҳамда ваколати доирасида маҳалла ҳудудида жойлашган бўш турган объектларни аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этади.
Бўш турган объектлар рўйхати Марказ томонидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига киритиб борилади.
Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси доимий равишда бўш турган объектларни аниқлаб, уларни Марказ ва ҳудудий бошқармаларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиб бориш чораларини кўради.
Мавзуга оид
07:50 / 24.10.2024
Давлат мулки объектларини “нол” харид қиймати бўйича реализация қилиш тартиби бекор этиляпти
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
19:23 / 31.08.2024
Сўхда бозор, Сариосиёда кичик ГЭС ва Навоийда спорт иншоотлари – байрам арафасида қандай объектлар фойдаланишга топширилди?
07:16 / 20.08.2024