11:20 / 02.07.2020
8035

Ёшлар муаммоларини ўрганиш институти Ёшлар ишлари агентлиги тузилмасига ўтказилди

Президент “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини Ёшлар ишлари агентлиги тузилмасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

ёшларга оид давлат сиёсати ижроси мониторингини олиб бориш, ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ҳокимияти, вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритувчи истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, улар фаолиятини услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, ёш бошқарув ходимларини профессионал жиҳатдан ривожлантириш учун ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш;

ёшларга оид қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

вазирлик, идора ва ташкилотлар буюртмалари асосида ёшлар муаммоларини ўрганишга қаратилган фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш;

ёшлар дуч келаётган долзарб муаммолар, уларнинг барқарор ривожланишига тўсиқ бўлаётган таҳдидларни аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказиш;

ёшлар соҳасидаги ишларни самарали йўлга қўйишга қаратилган услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, анжуманлар, "давра суҳбатлари" ва илмий-амалий семинарлар ташкил этиш;

ёшлар масалаларида Ўзбекистон Республикасининг минтақавий ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари борасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг тузилмаси тасдиқланди.

Белгиланишича, Институт президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг барча ҳуқуқ, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Институт асосий фаолияти ёшлар муаммоларини ўрганиш, мазкур йўналишда илмий ва таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Институт фаолиятига доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради.

Институт директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий рағбатлантириш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра Институт директори - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректорига, ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ходимларига тенглаштирилади.

Институт директорига ходимларига моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорида ойлик устамалар белгилаш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа моддий рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади.

Ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун Институт шартнома асосида таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Top