Ҳозирги 30 ёшгача бўлган ходимларнинг иш танлаш ва ишлаш қадриятлари ўзларидан катта авлодникидан фарқ қилади. Айни пайтда энг ёш ишчи кучи зумерлар (1990 йиллар охири ва 2010 йилларгача бўлган даврда туғилганлар) ҳисобланади.

Уларга иш танлашда энг муҳими яхши маош ва карьерада ўсишга шароит бўлиши кераклигидир. Бошқа маънавий қадриятлар зумерларга унчалик қизиқ эмас.

2023 йилда АҚШда ўтказилган тадқиқотга кўра, 30 ёшдан кичик доимий иш ўрнига эга ходимларнинг атиги 44 фоизи ўз иш жойидан жуда мамнун. 65 ва ундан катта ходимларнинг эса 67 фоизи ўз ишидан мамнун. Сўнгги йилларда ёш ва кекса ходимлар қарашлари ўртасидаги тафовут катталашмоқда.

Олдинги аждодларига қараганда зумерларнинг ишга нисбатан приоритетлари фарқ қилади. Ҳозирги ёшлар маош ва ишдаги ўсишни биринчи ўринга қўйишса, катталар ишдан завқ олиш кераклигига эътибор қаратишади.

Нега қарашлар фарқ қилади?

"Ўтмишда одамлар агар бир ишда 20 йил ишлашса, яхши иш, карьерада ўсиш ва яхшигина нафақага эга бўлишган. Бундай нарса ҳозир йўқ", дейди Жанубий калифорниялик 25 ёшли Кими Канешина.

Германиянинг Бремен университети профессори Жулиа Кенсбокнинг таъкидлашича, авлодлар ўртасидаги ўзгаришларга қарамай ўзгармай қоладиган ҳақиқат бор: инсон қадрлайдиган нарсалар вақт ўтиши билан ўзгариб боради.

"Биз ёш пайтда узоқ муддатли келажак ҳақида қайғурамиз. Ёшимиз катталашгани сари бизни ижобий кайфиятда сақлайдиган ва руҳан соғлом бўлишимизга ёрдам берадиган қисқа муддатли мақсадларга эътибор қаратамиз. Шунингдек, ўз жамиятимиз ёки ишхонамиз учун ҳам нимадир ҳисса қўшгимиз келиб қолади", дейди у.

2023 йил июл ойида ўтказилган тадқиқот унинг сўзларига ҳамоҳанг келади. Ёши 62 дан ошганлар ўзларининг иши қизиқ бўлиши кераклиги муҳимлигини айтса, 18-25 ёшлилар яхши маош ва ўрганиш, ўсиш имкони бўлишини зарур деб топган. Тўғри, ҳамма учун яхши маошли иш муҳим, лекин ёш ўтгани сари ойлик қанчалигининг аҳамияти пасайиб боради.

Кенсбокнинг ўрганишича, ёш ходимларнинг ишдан кўнгиллари тўлиши ҳам натижага боғлиқ. Агар улар етарлича мукофотланмаса, топаётган молиявий фойдаси қилаётган меҳнатига мутаносиб бўлмаса, демак, бундай ишдан кўнгиллари тўлмайди. Лекин катта ёшли ходимларнинг ишдан кўнгли тўлиши уларнинг руҳий ҳолатига кўпроқ боғлиқ.