16:09 / 06.07.2020
3786

Таъмирлаш ишлари туфайли Тошкент марказидаги айрим кўчалар икки суткага ёпилди

Тошкент шаҳрида 6 июль соат 14:00дан бошлаб икки сутка давомида айрим кўчаларда йўл таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Қуйидаги кўчаларда икки сутка давомида ҳаракат чекланади:

Абай кўчасининг Алишер Навоий кўчасидан Зулфияхоним кўчасигача бўлган қисми;

Абдулла Қодирий кўчасининг Абай кўчасидан Зарқайнар ва Сағбон кўчалари кесишмасидаги айланма йўлгача бўлган қисми.

Шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, бу жараёнда йўл қатнов қисмининг фақат битта чизиғи автомобиллар ҳаракатланиши учун очиқ бўлади.

«Тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларга айланма йўллар орқали ҳаракатланиш тавсия этилади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Навоий кўчасининг Ўрдадан Чорсугача бўлган қисми таъмирланаётгани маълум қилинганди.

Бундан ташқари, шу кунларда Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчаси кесишмасидаги кўприкда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишлар 22 июлга қадар давом этиши хабар қилинган.

Шунингдек, Чилонзор туманидаги Чилонзор кўчасининг бир қисми 24 июлгача ёпилган.

Top