Жаҳон | 00:47 / 06.07.2020
31450
2 дақиқада ўқилади

Хитойда қора ўлатга чалиниш ҳолати қайд этилди 

Фото: AP

Хитойнинг Ички Мўғулистон мухтор туманидаги чорвадорда қора ўлат қайд этилди. Бу ҳақда туманда жойлашган Баян-Нур шаҳри соғлиқни сақлаш комиссиясига таяниб “Синьцзинбао” нашри маълум қилган. 

Ҳозирда бемор маҳаллий шифохонада яккаланган, унинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.  

Шу муносабат билан ҳудудда биологик хавфлиликнинг учинчи даражаси эълон қилинган ва у 2020 йил охиригача амал қилади.

“Шаҳарда қора ўлат тарқалиши хавфи мавжуд. Аҳоли шахсий ҳимоя қоидаларига риоя қилиши ва касаллик ҳақидаги хабардорлигини ошириши лозим. Эпидемик хавфли ҳайвонларга, биринчи навбатда суғурларга ов қилиш тақиқланади. Ўлик ёки касал ҳайвонлар аниқланганда бу ҳақида дарҳол ҳокимият идораларига хабар қилиш лозим”, дейилган хабарда.

Шунингдек, тана ҳарорати юқори ва касалликнинг бошқа аломатлари кузатилган одамларга ўзлари ҳақида шифокорларга хабар қилиш белгилаб қўйилган.

Бундан аввалроқ қора ўлатга чалиниш ҳолатлари Мўғулистон ғарбида қайд этилганди. Бу ерда ушбу касалликка икки киши чалинган. Маҳаллий ҳокимият хавотирга ўрин йўқлигини айтган. Касаллик Мўғулистонда таомга ишлатиладиган суғурлар орқали ёки улар нимталаганда, касалланган бурга чаққанда ёки ҳайвон тишлаганда юқиши мумкин.

Касалликнинг ўзига хос хусусияти лимфа тугунларининг оғриқли яллиғланиши ҳисобланиб, бунинг ортида ғурраларга ўхшаш безлар ҳосил бўлади. Касалликнинг инкубацион даври 2-6 кунни ташкил қилади. Агар қора ўлат давомида зотилжам ривожланса, у ҳаво-томчи йўли билан ҳам юқиши мумкин.

XIX аср охиригача қора ўлатдан ўлим даражаси 95 фоизгачани ташкил қилган. Ҳозирда касалликни ўз вақтида даволаш бошланса, уни антибиотиклар ёрдамида нисбатан енгил енгиш мумкин.

Мавзуга оид