18:13 / 08.07.2020
4594

«Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисидаги қонуннинг 15та моддаси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотган» – Сенат

Бугунгача «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги қонуннинг 15 та моддаси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотган. Бу ҳақда 8 июль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда сўз борди.

Фото: senat.uz

Ишчи гуруҳи йиғилишида 1996 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги қонун Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмаслиги, қолаверса, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмагани, бу эса ўз навбатида мазкур масалаларда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилинишига замин яратиб келаётгани қайд этилган.

«Амалдаги қонунда давлат ҳокимият ва бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб берилмаган, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар белгиланмаган. Муҳокама қилинган мазкур янги қонун бир қатор муҳим асосий қоидаларнинг мавжудлиги билан ажралиб туради. Хусусан, унда ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилишда давлат органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиши масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ўрнатилиб, мазкур масалаларда махсус комиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланмоқда.

Шунингдек, мажлисда ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари билан боғлиқ муносабатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар орқали қонуний тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди», дейилади Сенат ахборот хизматининг хабарида.

Top