15:22 / 11.07.2020
9352

Ҳиндистонда бриллиантлар билан безатилган ҳимоя ниқоблари сотувга чиқди

Ниқоблар нархи 2 мингдан 5 минг долларгача туради.

Фото: aninews.in

Ҳиндистоннинг Сурат шаҳридаги (Гужорат штати) заргарлик дўкони коронавирус пандемияси фонида бриллиантлар билан безатилган ҳимоя ниқоблари сотувини йўлга қўйди. Уларнинг нархи 2 мингдан 5 минг долларгача, деб хабар берди ANI агентлиги.

Дўкон эгаси Дипак Чоксининг айтишича, бриллиантлар қадалган ниқоблар тайёрлаш ғояси тўйи бўлиши керак бўлган харидор дўконга келганидан кейин пайдо бўлган. У дўкон эгасидан келин ва куёв учун "ноёб" ниқоб тайёрлаб беришини сўраган.

"Дизайнерларимиз тайёрлаган ниқоб унга маъқул бўлди ва сотиб олди. Шундан кейин ана шундай ниқоблар тайёрлашга киришдик. Тайёрланишида сариқ олтин ва америка бриллиантлари ишлатиладиган ниқобларимиз 150 минг рупий (1990 доллар) туради. Оқ олтин ва ҳақиқий бриллиантлардан тайёрланган ниқобларимиз нархи 400 минг рупий (5,3 минг доллар)", - дейди Чокси.

Унинг сўзларига кўра, ниқоблардаги бриллиант ва олтинни мижоз ихтиёрига кўра чиқариб олиш ва улардан бошқа заргарлик буюми тайёрлаш мумкин.

Аввалроқ Махараштра штатида яшовчи Шанкар Кураде қарийб тўрт минг долларга олтин ниқоб тайёрлатганди.

Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, мамлакатда 800 мингдан ортиқ касалланиш ҳолатлари аниқланган, 22 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top