Бундан 80 йил олдин ҳиндистонлик 16 ёшли йигит тирикчилик кўйида Яманга боради ва ёқилғи қуйиш шохобчасида ишлай бошлайди. Орадан йиллар ўтиб у Ҳиндистонга қайтиб, 35 квадрат метрлик кичкина хонада компания ташкил этади ва зираворлар сотишни йўлга қўяди. Шу тариқа дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш мажмуаси ва 470 миллиондан ортиқ обуначига эга телекоммуникация тармоғининг эгаси бўлган “Reliance Industries” компаниясининг асоси пайдо бўлди.
2024 йилнинг баҳор ва ёз ойлари. Бутун дунё медиасининг эътибори Ҳиндистонга қаратилганди. Сабаб битта: Осиёнинг энг бой одами Мукеш Амбани кенжа ўғли Анант учун шундай тўй қилдики, унинг дабдабаси бутун сайёрада шов-шув бўлди. Бу шунчаки дабдабали маросим эмас, балки Амбанилар оиласининг глобал қудрати, таъсири ва беқиёс бойлигининг намойиши ҳам эди.
Тўйдан олдинги тадбирларга Марк Цукерберг, Билл Гейтс, Иванка Трамп сингари глобал элита вакиллари ташриф буюрди, Риҳанна ва Жастин Бибер каби жаҳон юлдузлари миллионлаб доллар эвазига қўшиқ куйлади. Умуман байрамга таклиф этилган сиёсатчилар рўйхатида АҚШнинг собиқ давлат котиблари Ҳиллари Клинтон ва Жон Керри, Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари Борис Жонсон ва Тони Блэр ҳам бор эди. Кичик бир шаҳар — Жамнагардаги аэропорт бир неча кун ичида халқаро авиация хабига айланди. Тўй учун умумий ҳисобда 600 млн доллар пул сарфланади.
Хўш, бу қандай оила? Улар шунча пулни қаердан олишяпти? Kun.uz “Бизнес вақти” рукнида Осиёнинг энг бой оиласи — Амбаниларнинг кичик зираворлар савдосидан глобал бизнес империяга айланишигача бўлган тарихий йўли ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳаммаси қандай бошланганди?
Бугунги кунда қиймати 200 миллиард доллардан қимматроққа баҳоланадиган “Reliance Industries” компаниясининг асоси ўтган асрнинг 50 йилларида, Ҳиндистондан анча узоқда жойлашган Яман давлатида пайдо бўлади. Мукеш Амбанининг отаси, бизнес империя асосчиси Дҳирубҳай Амбани 1932 йилда Ҳиндистоннинг Гужарат штатида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Оила қашшоқ бўлгани сабабли, Дҳирубҳай 16 ёшида ишлаш учун Яманнинг Адан шаҳрига йўл олади. Бу ерда у ёқилғи қуйиш шохобчасида оддий ишчи, кейинроқ эса ҳисобчи бўлиб ишлайди. Дҳирубҳай бўш вақтларида бозорларни айланар, халқаро савдо қандай ишлаши, валюта курсларидаги фарқларни ўрганарди. Ҳаттоки ўша пайтда Яманда муомалада бўлган кумуш тангаларни эритиб, Европа мамлакатларига қимматроққа сотиш орқали дастлабки капиталини йиғгани ҳақида айрим маълумотлар ҳам учрайди.
1958 йилда Дҳирубҳай тахминан 50 минг рупия билан Ҳиндистонга қайтади. У Мумбайдаги эски бозорда, 35 квадрат метрлик кичкина хонада жияни билан биргаликда “Reliance Commercial Corporation” компаниясига асос солади. Уларнинг илк бизнеси — Яқин Шарққа зираворлар экспорт қилиш ва у ердан сифатли нейлон ва полиестер ипларини импорт қилиш бўлади.









