Жаҳон | 08:18 / 12.07.2020
29180
2 дақиқада ўқилади

Амитабх ва Абхишек Баччан коронавирусга чалинди

Машҳур ҳинд актёри Амитабх Баччан коронавирусга чалиниб, шифохонага ётқизилди. Шунингдек, унинг ўғли, актёр ва продюсер Абхишек Баччанда ҳам коронавирус аниқланган.

Абхишек Баччан ва Амитабх Баччан / Фото: Getty Images

“Менинг коронавирусга таҳлилим мусбат чиқди, шу сабабли шифохонага ўтказилдим. Оилам ва ходимларимиз ҳам таҳлиллар топширишди ва натижаларни кутишмоқда. Мен билан охирги 10 кун яқин мулоқотда бўлганлар, илтимос, сиз ҳам таҳлил топширинг!”, деб ёзган 77 ёшли актёр Twitter’да.

Шундан бир неча соат ўтиб 44 ёшли Абхишек Баччан ҳам коронавирусга чалинганини маълум қилган. У ҳам енгил аломатлар билан шифохонага жойлаштирилган. Унинг таъкидлашича, ваҳима қилишга сабаб йўқ.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва барча мухлислар ота-бола актёрларга тезроқ соғайиб кетишни тилаб қолишган. 

Болливуд афсонаси Амитабх Баччан 180 дан кўпроқ фильмда суратга тушган. Актёр “ҳинд Оскари” деб аталувчи Filmfare Awards мукофотининг 15 карра совриндори ҳисобланади. Бундан ташқари, у 14 йилдан бери “Ким миллионер бўлишни истайди?” телешоусининг ҳинд вариантига бошловчилик қилади ва БМТнинг кўнгилли вакили ҳисобланади.

Аввалроқ Ҳиндистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШ ва Бразилиядан кейин 3-ўринга чиқиб олгани маълум қилинганди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусга чалинганлар сони 850 мингдан ошиб кетди, ундан вафот этганлар сони 22 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.  

Мавзуга оид