Эски можаронинг янги кўриниши. Арманистон-Озарбойжон тўқнашувининг ечими борми?
Якшанба куни Озарбойжон ва Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди. Ушбу тўқнашув оқибатида ҳалок бўлганлар бор. Воқеа ҳарбийлар тилида “Рақиб йўқотишга учради ва чекинди” деб ифодаланди.
12 июль куни арман ва озар ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашув Озарбойжон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси чегарасида эмас, балки ундан шимолроқда, арман-озар чегарасида содир бўлди.
“12 июль туш вақтидан бошлаб Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари артиллерия қурилмаларидан позицияларимизни ўққа тутди. Иккала томондан ҳам йўқотишлар бор”, деб маълум қилди Озарбойжон мудофаа вазирлиги.
Вазирликнинг маълумот беришича, Боку томонидан 2 ҳарбий ҳалок бўлган, 5 ҳарбий яраланган.
“Ҳозирда ушбу йўналишда жанглар давом этмоқда. Бўлинмаларимиз оператив ҳолатни назорат қилмоқда. Муносиб чоралар натижасида рақиб йўқотишга учради ва чекинди”, деб қўшиб қўйди Озарбойжон мудофаа вазирлиги вакили.
Ўз навбатида Арманистон томони Озарбойжонни чегарани бузишга уринишда айблади.
“Озарбойжон қуролли кучлари хизматчилари бизга тушунарсиз сабабларга кўра УАЗ автомобилида Товуз йўналишида давлат чегарасини бузишга уриниш амалга оширди. Арманистон томонининг огоҳлантиришидан кейин рақиб ҳарбийлари автомобилни ташлаб, ўз позицияларига қайтган”, дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги хабарида.
Бироқ Ереваннинг таъкидлашича, шундан кейин Озарбойжон ҳарбийлари артиллерия қуролидан ўт очиб, Арманистондаги таянч пунктни эгаллаб олишга ҳаракат қилган.
“Озарбойжон томони чекиниш чоғида йўқотишларга учради, Арманистон қуролли кучларида йўқотишлар йўқ”, дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги томонидан.
Шу тарзда эски можаро – Арманистон-Озарбойжон можароси яна бир бор бўй кўрсатди. 1992-1994 йилларда Тоғли Қорабоғ боис низо кенг миқёсдаги уруш тусини олганди. 1994 йил майида Арманистон ва Тоғли Қорабоғ республикаси бир томондан ва Озарбойжон бир томондан ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади. Кейинги ўн йилликлар давомида даврий ҳодисаларга қарамасдан, вазият барқарорлигича қолаётганди.
Энг йирик маҳаллий тўқнашув эса 2012 йил июнда Товуз областидаги Бердаван ва Чинари қишлоқларида юз берганди. Ўшанда уч нафар арман ва бир нафар Тоғли Қорабоғ ҳарбийси, Озарбойжондан эса беш нафар аскар ҳалок бўлганди.
Низо 2016 йил апрелда яна кучайиш хавфи остида қолди. “Тўрт кунлик уруш” номини олган тўқнашувлардан сўнг Арманистон ва Озарбойжон сулҳ келишувини имзолади – келишувга Москвадаги музокараларда эришилди. Кейинчалик томонлар бир неча бор бир-бирини ўт очиш режимини бузишда айблади.
Май ойида Озарбойжон мудофаа вазирлиги йирик ҳарбий машғулотлардан сўнг Боку Тоғли Қорабоғ устидан назорат ўрнатиши учун куч ишлатишига тўғри келса, у ҳолда чоралар “қақшатқич ва вайронкор бўлиши, рақиб эса улкан йўқотишларга учраши ҳамда буткул мағлуб бўлиши” ҳақида баёнот берди.
Баҳорда бўлиб ўтган ҳарбий машғулотларда 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 120га яқин танк ва зирҳли техника, 30га яқин авиация техникаси қатнашди.
Ўшанда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғ можароси Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги доирасида ечим топиши лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, июнь охирларида Озарбойжон ТИВ мамлакат ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров ва Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян ўртасида Қорабоғ низосини барқарорлаштириш бўйича учрашув ўтказишини эълон қилди. Учрашув 30 июнь куни бўлиб ўтиши керак эди, аммо бу ҳақда ҳеч қандай хабар чиқмади.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян жума куни мамлакат миллий хавфсизлигининг янги стратегиясини муҳокама қилиш чоғида Тоғли Қорабоғдаги арманлар жамиятининг фикри муҳимлигига эътибор қаратди. Боку бунга дарҳол жавоб қайтарди.
“Стратегия пунктлари музокаралар жараёни учун тўсиқ ҳисобланади, Арманистон томонининг халқаро қарор ва резолюцияларга нисбатан ҳурматсизлигини кўрсатади», — дея иқтибос келтиради «Интерфакс-Озарбойжон» мамлакат ТИВ баёнотидан.
Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги низо ҳеч бир давлат учун манфаатли эмас. Асосийси, баҳсли масалалар тезлик билан ва оқилона ечим топмайдиган бўлса, бундан учинчи кучлар фойдаланиб қолиши мумкин. Бу эса анча вақтгача ўчмайдиган янги уруш оловини ёқиши, сайёрамиздаги нотинч минтақалар сони яна биттага кўпайишига олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
15:58 / 01.11.2024
Озарбойжонга сафар: Кавказ Ҳиросимасига айланган Ағдам
18:47 / 29.10.2024
Халқаро йирик иқлим саммити Озарбойжонда ўтади: COP29’дан нималар кутиляпти?
11:20 / 23.10.2024
БМТ: Озарбойжон иқлим ўзгариши бўйича дунёдаги энг йирик йиллик учрашувга мезбонлик қилишга тайёр
08:00 / 18.10.2024