Бу йил Қорабоғ Озарбойжон бағрига қайтганига 4 йил тўлади. 8 ноябр Озарбойжонда Иккинчи Қорабоғ урушида қозонилган ғалаба шарафига Зафар куни сифатида кенг байрам қилинади. Kun.uz мухбири муҳим сана арафасида Озарбойжоннинг арман ишғолидан озод этилган ҳудудларида бўлди.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази лойиҳаси билан ўзбекистонлик журналистларнинг Қорабоғга медиатури ташкил қилинди.
Биз қарийб 30 йил давомида арман оккупацияси остида бўлган ерларни бориб кўрдик, у ерларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдик ва туркум репортажлар қилдик.
Репортажларимизнинг дастлабкиси — Кавказ Хиросимаси номи билан танилган жафокаш Ағдам шаҳридан бўлди.
Ағдам: Кавказ Ҳиросимаси
Ағдамга яқинлашар экансиз, уруш даврида вайрон этилган қишлоқларга кўзингиз тушади ва ватандан 30 йиллик айрилиқ нима эканини беихтиёр ўз танангизда ҳис қила бошлайсиз.
Қорабоғ тоғи этакларида жойлашган Озарбойжоннинг катта бир тумани маркази бўлган шаҳар арманлар томонидан ишғол қилинган ва тўлиқ вайрон қилинган. Тўқнашув чизиғи эса миналаштирилган.
Айни пайтда Ағдам шаҳри қаричма-қарич миналардан тозаланиб, янги бош режа асосида бутунлай бошқатдан қурилмоқда.
Хуршидбону Нотавон мажмуаси
Биз дастлаб Қорабоғнинг сўнгги хони паноҳ Али хоннинг қизи Хушидбону Нотавон яшаган ва дафн этилган Иморат мажмуасига бордик. Арманлар оккупация даврида шоиранинг қабрини оёғости қилишган, ўрнатилган ёдгорликни синдиришган. Қабрларни очиб, инсон қолдиқларини олиб кетишган.
Қорабоғ хонларининг невараси ва қизи Хуршидбону Нотавон ажойиб ғазаллари билан тилларга тушган. У шунингдек расм солишга ҳам қизиққан. Унинг асарлари Бокудаги музейда сақланмоқда.
Арманлар бу қадимий мажмуадаги иморатларни бузиб, ичида ҳайвон боқишган. Кўп йиллик дарахтлар кесилган, ва ёқилган. Қабрлар текисланган ва бойлик топиш илинжида кавланган.
Ҳозир мажмуа бутунлай қайтадан тикланиб, аввалги кўринишга келтирилган. Ҳудуд ободонлаштирилиб, аввалги салобатини қайтадан касб этган. Эски сарой тикланиб, унинг ичида музей ташкил қилинган. Музей энг замонавий интерактив воситалар билан таъминланган. Унда мажмуанинг тарихи, арман оккупация давридаги вайронгарчиликлар, шунингдек, Хуршидбону Нотавоннинг ижоди билан яқиндан танишиш мумкин.














