09:14 / 14.07.2020
5282

БМТ жаҳонда очарчилик билан боғлиқ вазият кескинлашувини прогноз қилмоқда

2019 йилда 690 миллиондан зиёд инсон очарчилик қаршисида қолган, сўнгги беш йилда бу кўрсаткич 60 миллион кишига кўпайган. Бу ҳақда БМТнинг 13 июль, душанба куни оммага эълон қилинган ҳар йилги ҳисоботида қайд этилган.

Фото: Ivan Alvarado / REUTERS

«Жаҳондаги озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш ҳолати» бўйича сўнгги тадқиқот 2019 йилда 690 миллон киши, 2018 йилдагига нисбатан 10 миллион киши кўпроқ очарчиликка дучор бўлганини кўрсатмоқда», — дейилади матбуот релизида.

Қайд этилишича, тўйиб овқатланмаслик ҳолати кўпроқ Осиё қитъасида қайд этилган. Ҳисоботга кўра, Африкада очарчилик жаҳонда энг тез тарқалмоқда.

Коронавирус инфекцияси пандемияси туфайли жаҳонда очарчилик билан боғлиқ вазият янада кескинлашади, деб таъкидлашган материал муаллифлари.

«Бунга сабаб очарчилик муаммосига қарши курашишда олдинга силжиш депсиниб қолгани, қолаверса, COVID-19 пандемияси озиқ-овқатни ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилишга таъсир ўтказувчи барча фаолият ва жараёнлар тушуниладиган глобал озиқ-овқат тизимларининг ҳимояланмагани ва номувофиқлиги ҳолатларини кучайтирган», — дейилади матнда.

БМТнинг баҳолашича, 2020 йил сўнгига бориб пандемия ортидан келиб чиққан иқтисодий инқироз туфайли 132 миллион киши очарчилик муаммосига рўбарў келиши мумкин.

Июнь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон коронавирус пандемияси туфайли озиқ-овқат етишмаслигига дучор бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, шу сабабли мамлакатларни ўз фуқароларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга чақирган эди.

Апрель ойи охирида БМТ ўз вақтида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмас экан, инсоният Инжил даври миқёсидаги очарчиликка дучор бўлиши ҳақида баёнот берган эди.

Агар воқеалар энг ёмон сценарий бўйича ривожланадиган бўлса 30 та давлат очарчилик балосига йўлиқади, уларнинг 10 тасида 1 миллиондан киши ҳозирги куннинг ўзидаёқ тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, деган БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.

Top