Ўзбекистон | 14:37 / 14.07.2020
3648
3 дақиқада ўқилади

«Давергеодезкадастр» қўмитасининг 6 нафар ходимида коронавирус аниқланди

«Давергеодезкадастр» қўмитасининг 6 та ходимида коронавирус чиққан. Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқароларга бир қанча кадастр хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш таклиф этилмоқда.

«Коронавирус сабаб республикамизнинг барча вилоятларида карантин чекловлари ўрнатилди. Бунинг асосий сабаб CОVID-19 билан касалланганларнинг сони кескин ошиб кетиши билан боғлиқ. Бугун ҳеч ким вирус бизнинг шаҳримизга, туманимизга, маҳалламизга келмаган деб кафолат бера олмайди.

Жумладан, Давергеодезкадастр қўмитаси тизимида 10 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб борса, бугунгача 6 та (Тошкент вилоятида 3 та, Хоразм вилоятида 2 та, Қашқадарё вилоятида 1 та) ходимда ушбу вирус аниқланган ва карантинга олинган. Ҳозир мазкур ходимларимизнинг 2 таси тўлиқ соғайган, 4 таси шифохонада стационар ҳолатда даволаниш жараёнида», дейилади расмий хабарда.

Коронавирус инфекцияси янада кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида «Давергеодезкадастр» қўмитаси бир қатор хизматлардан давлат идорасига келмасдан масофадан туриб фойдаланишни таклиф этмоқда. Бунинг учун интернет бўлса кифоя. Таклиф этилаётган хизматлардан қўмитанинг расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланишингиз мумкин.

Масофадан туриб фойдаланиш мумкин бўлган кадастр хизматлари рўйхати:

1. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш;

2. Кадастр паспортини шакллантириш;

3. Фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома олиш;

4. Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга қарорни олиш;

5. Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш;

6. Кўчмас мулкни ҳадя этиш ёки айирбошлаш ҳамда олди-сотди бўйича мурожаат йўллаш;

7. Турар жойнинг майдони бўйича маълумотнома олиш;

8. Бино ва иншоотларни ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;

9. Ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) тўғрисидаги келишувни давлат рўйхатидан ўтказиш;

10. Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш (якка тартибдаги уй-жой қуриш объекти учун);

11. Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш (Якка тартибда уй-жой қуриш объекти бўлмаган объект учун);

Шунингдек, «Электрон лицензиялаш портали» орқали юридик шахслар Геодезия ва картография фаолиятини юритишга лицензия олиш учун ариза беришлари мумкин.

«Давергеодезкадастр» қўмитаси барча ўзбекистонликларни карантин қоидаларига риоя этишга чақирган.

Мавзуга оид