14:59 / 17.07.2020
22018

Тожикистонда 17 августдан мактаблар очилиши кутилмоқда

Тожикистон мактабларни очишга тайёрланмоқда. Янги ўқув мавсуми икки ҳафта олдин бошланади. Эпидемиологик вазият ёмонлашса, захира варианти сифатида теледарслар режаси тайёрланган.

Фото: reachtheworld.org

Тожикистонда 17 августдан мактаблар очилади. Бу ҳақда мамлакат таълим вазири махсус ташкил этилган матбуот анжуманида айтган.

Тожикистон таълим вазири Маҳмадюсуф Имомовнинг айтишича, бу қарор коронавирусга қарши курашиш республика штаби билан бамаслаҳат қабул қилинган. Маълум бўлишича, ўқувчилар белгиланган графикдан қолиб кетгани учун ўқув мавсуми икки ҳафта олдин бошланади. Дастлабки икки ҳафтада ўтган йилдаги дарслар такрорланади.

Вазир матбуот анжуманида Тожикистонда эпидемиологик вазият мураккаблашса, мактаблар онлайн режимга ўтказилишини айтди. Мамлакатнинг барча қисмида интернет хизматлари кўнгилдагидек бўлмагани сабаб дарслар телевидение орқали ҳам эфирга узатилади. Телевидение орқали дарс ўтиш захира варианти бўлса-да, йил давомида теледарслар ўтиш режаси ишлаб чиқиб бўлинган.

Таълим вазирлиги телеканаллар ва Youtube тармоғида мактаб таълимига оид видеолар бериб боради. Ўқувчилар дарсларни айнан телеканаллар ва Youtube'да такроран томоша қилишлари мумкин бўлади. Youtube'да «Сандуқчаи зулбиё» мультфильми бериб борилади.

Олдинроқ мамлакат президенти Имомали Раҳмон барчани коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқинига тайёрланишга чақирган, шунингдек, мамлакатнинг Қирғизистон билан чегарасида назорат кучайтирилганди. Тожикистондаги касалхоналарда тиббий воситалар етишмаётгани айтилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top