Ўзбекистон | 00:24 / 18.07.2020
38753
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга зудлик билан кислород концентраторлари керак — иқтисодчи ҳаммани бирлашишга чақирди

Smartgov Consulting компанияси ижрочи директори, иқтисодчи Азиза Умарова ўз блогида жамоатчилик эътиборини кислород концентраторлари муаммосига қаратиб, масалага ечим таклиф этди.

Фото: hamyarsalamat.com

«Ҳақиқатга тик қарайлик, реалист бўлайлик. Пандемиянинг яққол намоён бўлишида биз Қозоғистон ва Қирғизистондан атиги бир-икки ҳафтага кечикяпмиз. (Қатъий карантиннинг кучига кўр-кўрона ишонаётганларга алангалик салом! Биз атиги бир-икки ҳафта ютаяпмиз, холос).

Хоҳлаймизми йўқми, лекин ўлим билан боғлиқ хабарлар кўпайиб бормоқда. Бу кетишда қўшниларимизнинг куни бизнинг ҳам бошимизга тушмаса деб қўрқаман.

Хабарларга қараганда, амалдорларимиз зудлик билан сунъий нафас олиш аппаратлари ва «тез ёрдам» машиналарини сотиб олишаётган экан. Шунингдек, ҳукумат кислород концентратлари учун барча тўловларни/тўсиқларни бекор қилибди.

Бу жуда яхши янгилик. Хўп, давом этамиз.

Тушунарли бўлиши учун, икки томонлама зотилжам (пневмония) кўпинча жиддий асоратлар келтириб чиқаради ва одам нафас ололмай қолади. Қондаги кислород миқдори пасайиб кетадики, бу ҳатто ўлимга олиб боради. Энг қийин ҳолларда сунъий нафас олиш аппаратига улашади, бу ҳам фақат шифохона шароитида амалга оширилади, агар аппаратни тўғри ишлатадиган мутахассис бўлсагина.

Шифохона ва койкалар етишмаётган вазиятда эса кислород концентраторлари сотиб олиш жуда муҳимдир.

Қозоғистонда ҳомийлар 6000дан зиёд концентратор сотиб олишибди. Қирғизистонда эса АҚШ ва Европадаги қирғиз диаспоралари камроқ маблағ йиғиб беришибди, лекин у ерда 20 ёшли кўнгиллилар аппаратлар билан уйма-уй юриб, нафас етмаётган, лекин шифохонага қабул қилинмаган юзлаб одамларни қутқаришмоқда. София Айдана исмли қиз ҳафта давомида 187 одамнинг ҳаётини сақлаб қолди.

Бу каби ишларни ташкил этишда ҳар қандай фойдали маълумоти учун қозоқ ва қирғиз дўстларимиздан миннатдор бўлардим.

Бизда ҳозирча шаҳримизда ҳали кислород концентраторлари йўқ. Эълонлар бўйича қўнғироқ қилиб, суриштирдим. 24 соат ишлайдиган бирорта 5 литрли кислород концентратор топа олмадим. Ундан кам кислород ишлаб чиқарадиган ёки ундан кам вақт ишлайдиган аппаратларни излашнинг ҳожати йўқ. Уларни фақат спа-салонларда ёки уйда оддий ҳолатларда нафас олиш учун қўлланиш мумкин. Ковид зотилжамида у ёрдам бермайди...

Хўп, қаердан олиш керак? Бизга қанча кўп бўлса, шунча яхши.

Бутун дунёдаги концентраторларнинг 80 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилади. Қозоғистон ва Қирғизистон уларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан 250-300 доллардан сотиб олган. Йўл харажатлари алоҳида.

Нима қилиш керак?

Зудлик билан тадбиркорларимиз оммавий равишда кислород концентраторларини олиб келиши ва бозорларга етказиб бериши керак. Инсоф билан нарх қўйишса, имкони борлар сотиб олади.

Шуни ҳам билиш муҳимки, 5 литрли концентраторлар уй шароитига, 10 ва 15 литрлилари касалхоналар учун мўлжалланган. Бу аппаратларга бир вақтнинг ўзида 2 ёки ундан кўп беморни улаб қўйиш мумкин.

Хитойдаги юртдошлар, сизлар ишончли етказиб берувчиларни топа оласизми? Фуқароларга буюртма бўйича ёрдам қила оласизми?

Агар бизнинг хориждаги диаспораларимиз ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондаги сингари кислород концентраторлари учун маблағ йиғиб берса ва мазкур аппаратлар билан кўнгиллилар таъминланса ёки улар ҳудудларга юборилса, менимча, бу ўз вақтида берилган зарур ёрдам бўларди.

Ҳукумат эса (ушбу аппаратларни) самолётларда етказиб беришга ёрдам бериши керак. Вақт ғанимат.

Ёшлар, сизлар ўзаро бирлашадиган, бир ёқадан бош чиқарадиган пайт келди», - деб ёзади Азиза Умарова.

Мавзуга оид