Ўзбекистон | 12:29 / 20.07.2020
9569
2 дақиқада ўқилади

«Ташхис қўймаса ҳам, беморни тинчлантириши мумкин» – шифокор «Тез ёрдам» чақирувлари ҳақида

«Тез ёрдам» лойиҳасининг илк сонида  иммунолог-инфекционист, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева касаллик енгил формада ўтаётган беморларнинг ҳам «Тез ёрдам» чақиришига шифокор сифатида муносабат билдирди.

«Беморнинг ўзи коронавирус касаллигини енгил формада ўтказаётгани ҳақида билмайди. У ўзини ёмон ҳис қилиши туфайли «Тез ёрдам» чақиради. «Тез ёрдам»да ташхис қўйиш имкони бўлмагани билан шифокор беморни тинчлантириш имконига эга.

Ҳозир фақат коронавирус ҳақида гапирганимиз билан бошқа касалликлар йўқолиб қолмаган. Кимдир инфарктни, кимдир инсультни бошидан ўтказиши мумкин», дея таъкидлади шифокор.

У ҳамма инсонлар ҳам фақат ҳид ва таъм билмай қолгани учунгина «Тез ёрдам» чақирмаслиги, айрим пайтларда одамлар касалликни ўтказиб ҳам юборишаётганини қайд этди. Шунинг учун шифокорлар ҳам эътиборлироқ бўлиши, поликлиника шифокорлари ҳам масъулият билан ишлаши зарурлиги таъкидланди.

«Менимча, коронавирус ҳақида кун ора турли онлайн платформалар орқали поликлиника шифокорлари билан ҳам тренинглар олиб бориш керак», деди у.

Лойиҳанинг яна бир иштирокчиси, Вирусология институти илмий ходими Раъно Қосимова эса республикадаги барча шифокорлар коронавирус бўйича ўқитилгани, беморларнинг участка шифокорига бириктирилишининг сабаби ҳам шунда эканини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, поликлиника шифокорлари беморнинг тиббий аҳволидан хабардор бўлишади ва унга керакли муолажаларни буюриши, агар лозим бўлса, стационар шароитда даволанишга йўлланма бериши ҳам мумкин.

Мавзуга оид