Пандемия Ўзбекистонда: қулоч ёйган 10 муаммо
Бугун коронавирусга қарши курашиш тизими бошдан оёқ муаммоларга ўралашиб қолгандай тасаввур уйғонади. Чиндан ҳам, санаб чиқилса улар анчагина. Энг асосийларини бир жумлада ифодалаб, рўйхат қилиб чиқдик.
1. Кадрлар етишмовчилиги
Тиббий ходимларга бўлган талаб кун сайин ошиб бормоқда. Катта рағбатлантиришлар ҳам масаланинг тугал ечими бўла олмаяпти. Келаётганлардан кетаётганлар кўп ва бу жуда хавфли тенденция.
2. Тез тиббий ёрдам
Бу хизмат катта зўриқиш билан ишлаяпти. Юклама уч баробаргача кўпайгани расман қайд этилган. Бу тезликка ҳам, сифатга ҳам кескин салбий таъсир кўрсатмоқда.
3. Дори-дармон танқислиги
Дорихоналар бир неча ойлик савдосини, дори ишлаб чиқарувчилар икки-уч карра режасини бажариб олишди. Аммо афсуски беморларнинг яқинлари зир югуриб дори излашда давом этмоқдалар ва бунинг охири кўринмаяпти.
4. Қидириш тизимлари
Дори воситларини қаердан топиш ҳақидаги маълумотлар, уларни етказиб бериш тизимлари пандемияга қадар туппа-тузук ишлаб турарди. Аммо энг керакли пайтда улар ҳам юкламани кўтара олмай қолди. 1069, «Арзон аптека» каби оммабоп тизимлар сўровлар ҳаддан зиёд кўп пайтларда ё жавоб беришни тўхтатди, ёки шунчаки «бу дори йўқ» деган жавоб билан алоқани узди. Айни пайтда йўқ дорининг ўрнига тавсия тизими яхши иш берарди.
5. Манфаатлар тўқнашуви
Давлат хариди амалга оширилган айрим дорилар устида ниҳоятда катта доираларда манфаатлар тўқнашуви кетаётгани сезилиб қолди. Жамият очиқлашувининг бир белгисидир балки – аммо юзага чиқаётган ахборот инсон саломатлиги устида катта ўйинлар бўлаётганини англатаётгандек.
6. Шубҳали ахборот
Ўлим кўрсаткичи борасидаги шубҳа тобора кенгроқ қулоч ёзмоқда. Аслида битта мисол ҳам умумий тизимга соя солиш учун етарли эди, аммо мисоллар кўпайгандан кўпайиб боряпти.
7. Ваҳима
Одамларда реал вазиятга нисбатан ваҳима кайфияти кескин ошиб кетди. Бу асоратларини кўрсатмай қолмаяпти. Кўпчилик ўз соғлигини ўз кайфияти билан сусайтирмоқда.
8. Пул тарқатиш
Кўп марта режалаштирилса-да, аҳолига тўғридан тўғри маблағ тарқатиш таклифи амалга ошмади. Жуда кўпчилик карантин пайтида иқтисодий мураккаб аҳволга тушиб қолди. Бу ўз навбатида ижтимоий норозиликни келтириб чиқармоқда.
9. Коррупция
Қизиғи, «доимий қадрдон»га айланиб улгурган бу иллат эпидемиологик вазиятни жиловлаш тизимига ҳам дадил кириб борди. Бугун юзлаб миллионларни ўмарганлар бирма-бир фош бўлмоқда. Аммо аниқ айтиш мумкинки, устомонларнинг кўпчилиги сояда қолишади.
10. Мавҳумлик
Энг муҳими, энг оғири шу аслида. Эртанги кунга ишонч йўқолди. Мавҳумлик, тушкунлик чулғаб олди кўпчиликни. Ҳамжиҳатликка путур етди, сабр коса тўла бошлади. Касалликнинг ўзидан кўра руҳий зарбаси кўпроқ эсанкиратди.
Давоми бўлиши мумкин...
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
15:02 / 23.04.2021
Ҳиндистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича кетма-кет иккинчи кун рекорд қайд этилди
11:05 / 23.04.2021
Карантин: Андижон давлат университетида ўқиш жараёнлари онлайн тартибга ўтказилди
17:40 / 22.04.2021
Ҳиндистонда суткалик коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича жаҳон рекорди қайд этилди
18:32 / 21.04.2021