20:14 / 27.07.2020
21098

«Органлар устидан мурожаат юборилди». Дилшод Саиджонов қорақалпоғистонлик журналистлар ҳолатига муносабат билдирди

Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақидаги фейк хабар прокуратура ва журналистлар ўртасида зиддиятни келтириб чиқармоқда. Сохта хабардан кейин Қорақалпоғистонда фаолияти юритадиган айрим журналистлар прокуратурага олиб кетилганди. Қорақалпоғистон прокуратураси ушбу ҳолатга изоҳ билдирди. АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов эса прокуратура устидан юқори органларга мурожаат юборган.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

25 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига кўп йиллардан буён раислик қилиб келаётган Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ўлими тўғрисида хабарлар тарқалди. Тез орада бу хабарларнинг дастлабки манбаси сифатида кўрсатилган repost.uz сайти ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида сайт хакерлар ҳужумига учраганини маълум қилди ва раиснинг 20 июль куни вафот этгани ҳақидаги бу хабар рад этилди.

Шундан кейин ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистондаги маҳаллий сайтлар ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан тунги соат 01:00лар атрофида олиб кетилгани айтилди.

Маълум қилинишича, Makan.uz (Лалагул Каллиханова), KRuz.uz (Искандер Юсупов) ва Kar24.uz (Кумар Бегниязова) вакилларининг телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган, бу ходимлар тунги соат 3:00 атрофида уйларига қайтишган.

Қорақалпоғистон прокуратураси М.Ерниязов шахсига тааллуқли нотўғри маълумотлар тарқатилиши ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилиб, профилактик суҳбат ўтказилганини билдирган. Суҳбатлардан мақсад «бундай уйдирма хабарлар ким томонидан тарқатилганини аниқлаш» бўлган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Дилшод Саиджоновнинг билдиришича, агентлик ўз ваколати доирасида ушбу вазиятни ўрганиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёзма мурожаат юборди.

«Мазкур мурожаатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10, 14-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 88-моддаси талабларини четлаб ўтишгани алоҳида қайд этилиб, журналистларни сўроқ қилиш зарурати пайдо бўлганда ЖПКнинг 97-моддасига асосан дастлаб чақирув қоғози юбориш тартиботига амал қилиш сўралди»,  деб ёзади Саиджонов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Таъкидланишича, Repost.uz сайтининг ҳам хакерлар ҳужумига учраганлиги алоҳида ўрганилмоқда.

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида ОАВ ўзи тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда жавобгар экани белгиланган. Шунинг учун Агентлик фейк хабар тарқатган ОАВларга тегишли тақдимномалар жўнатгани билдирилди.

«Журналистларга нисбатан ўтказиладиган ҳар қандай тазйиқ ёки босим Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳамда сўз эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга мутлақо тўғри келмайди. Юқоридаги каби ҳолатларнинг содир бўлиши Ўзбекистоннинг халқаро имижига путур етказиши ҳамда давлат органларига нисбатан ишончсиз муносабатлар вужудга келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, давлат органлари ҳам, ОАВ ва блогерлар ҳам ахборот соҳасидаги қонунчиликка бўйсуниши шарт, томонлар ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай низоли вазият мавжуд қонунлар, шунингдек, суд тизими доирасида ҳал қилиниши зарур», - дея қўшимча қилган Саиджонов.

Top