Атроф-муҳитнинг ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар билан ифлосланиши ҳажми ортмоқда - БМТ
Коронавирус пандемиясигача атроф-муҳитга таҳдид қилган асосий хавфлардан бири пластик ҳисобланган бўлса, коронавируснинг келиши сайёранинг ҳимоя ниқоблари, бир марталик қўлқоплар ва қўллар учун дезинфекциялаш воситалари идишлари билан ифлосланишининг кескин кўпайишига олиб келди.
БМТнинг савдо ва ривожланиш бўйича конференциясининг (ЮНКТАД) маърузасида маълум қилинишича, коронавирус пандемиясига қарши киритилган чекловлар иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқишининг 5 фоизга қисқаришига олиб келган. Бироқ коронавирус тарқалишига қарши киритилган ҳамма чоралар ҳам атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатмаган.
“Кўчаларимиз, пляжларимиз ва океанларимиз чиқиндилар цунамиси, жумладан юз учун пластик ниқоблар, дезинфекция воситалари идишлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқларидан жабр кўрди”, дейилган маърузада.
ЮНКТАД’нинг халқаро савдо департаменти директори Памела Коук-Гамильтоннинг таъкидлашича, атроф-муҳитнинг пластик билан ифлосланиши шундоқ ҳам сайёрага коронавирус пандемиясигача хавф солган асосий муаммолардан бири бўлган.
“Одамлар хавфсизлигини таъминлашга ва касаллик тарқалишини тўхтатишга қаратилган буюмлардан кундалик фойдаланишнинг кескин ортиши вазиятни янада ёмонлаштирди”, деб таъкидлаб ўтган Коук-Гамильтон.
Grand View Research консалтинг компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб бир марталик ниқоблар савдоси ҳажми 2019 йилдаги 800 млн доллардан 2020 йилда 166 млрд долларгача кўпайган.
Маърузада таъкидланишича, ижтимоий масофалашув уйларга пластик қадоқларга ўралган товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиши ҳажми ошишига олиб келган. Мутахассисларнинг баҳолашича, пластик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга, жумладан балиқчилик, туризм ва денгиз транспортига салбий таъсири йилига 40 млрд долларни ташкил қилади.
Шу муносабат билан ЮНКТАД ҳукуматларга пластикдан фойдаланишдан воз кечиш ёки унинг ўрнини босувчи безарар ва биопарчаланувчи материалларга, жумладан, шиша, сопол, табиий толалар, қоғоз, картон, табиий каучук ва ҳайвон оқсилларига ўтиш илтимоси билан мурожаат қилмоқда.
Мавзуга оид
14:24 / 10.06.2024
Ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид вазифалари белгиланмоқда
10:37 / 24.04.2024
Экология вазирлиги дам олиш масканларига бораётган фуқароларни атроф-муҳитни ифлослантирмасликка чақирди
07:36 / 29.11.2023
Атроф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатиш таклиф этилди
23:23 / 31.05.2023