Масофавий ўқитиш анъанавий дарс каби самарали бўла олмаслиги маълум қилинди
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарияти билан Жаҳон банки вакилларининг видеоконференция форматида ўтказилган навбатдаги учрашувида пандемия шароитининг таълим сифати ўтказаётган салбий таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев пандемия шароитида таълим сифати таъминлаш ва назорат қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган. Жаҳон банки вакиллари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб ўқувчиларининг билимини синаш орқали пандемиянинг Ўзбекистонда таълим сифатига ўтказган таъсири ўрганишни таклиф этишган.
«Жаҳон банкининг 157 та давлатдаги ҳолатлар бўйича таҳлилларига кўра, COVID-19 пандемияси таъсирида, таълим муассасалари тахминан 4 ой давомида ёпиқ ҳолатда қолган бўлиб, масофавий тарзда таълим олиш синфхонада юзма-юз ўтилган дарс каби самарали бўла олмаслиги тахмин қилинмоқда. Бунинг объектив сабаби сифатида эса масофавий ўқитиш анъанавий дарс каби самарали бўла олмаслиги, масофавий ўқитиш барча ўқувчилар учун бирдек қулай эмаслиги, таълим сифатини назорат қилиш қийинлиги, мавжуд шароитлар ва алоқа воситаларидаги муаммоларни келтириш мумкин.
Таълим бўшлиқларини аниқлаб, уларни тўлдириш бўйича ўқув дастурларини жорий этиш жамиятимиз учун сув ва ҳаводек зарур инсон капиталини шакллантириш, таълим натижаларини яхшилаш орқали Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш (хусусан, Инсон капитали индекси), ўқувчиларимизнинг халқаро баҳолаш тадқиқотларида (PISA, TIMSS, PIRLS) муваффақиятли иштирокини таъминлаш ва энг муҳими фарзандларимизни реал ҳаёт чақириқларига тайёргарлигини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг Инсон капитали индексидаги ўрнини аниқлаш учун 2019 йилнинг ноябрь ойида Таълим инспекцияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда TIMSS халқаро тадқиқотлари саволлари асосида 5-синф ўқувчиларининг математика фани бўйича билими ўрганилиб, таҳлиллар олиб борилаётган эди. Тадқиқотлар доирасида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш мақсадида таълим тизимини янада такомиллаштириш заруриятига қарамасдан, COVID-19 коронавирус пандемияси мактабларнинг ёпилиши ва дарсларни телеканаллар ва интернет тармоғи орқали масофавий тарзда ташкил этишга мажбур қилди», дейилади давлат инспекцияси ахборот хизматининг хабарида.
Учрашувда пандемиянинг таълим сифатига таъсирини, масофавий таълим давомида ўқувчилар фанларни қай даражада ўзлаштирганини ўрганиш эҳтиёжи пайдо бўлаётгани таъкидланган. Жаҳон банки вакиллари томонидан ўқувчиларнинг билимидаги йўқотишлар кейинчалик иқтисодий даромадларининг ҳам пасайишига олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси шу мақсадда таълим бўшлиқларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилгани, тадқиқотлар муваффақиятли ташкил этилган ҳолда, пандемия сабабли таълим олишдаги бўшлиқларнинг салбий таъсирини камайтириш ва таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилишини маълум қилган.