Ўзбекистон | 13:41 / 29.07.2020
3412
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия тезкор божхона расмийлаштируви тизимини йўлга қўйиши мумкин

Бу икки давлатни боғлайдиган транспорт йўлаклари орқали юк ташиш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Анқара шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари С.Умурзоқов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркия вице-президенти Ф.Ўктай ва Туркиянинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув COVID-19 пандемиясининг икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожланишига кўрсатаётган салбий таъсирини минималлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инвестиция, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди.

Республика аҳолиси орасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муносабати билан аҳолига ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш ва тиббий муассасаларни бошқаришда кўмаклашиш учун туркиялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил қилишнинг имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари савдо-иқтисодий соҳада Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги бир қатор ҳукуматлараро битимларини ратификация қилиш процедуралари тугалланганлиги тўғрисида фикр алмашдилар. Икки томонлама идоралараро мувофиқлаштирув натижасида ҳозирга қадар Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, Икки томонлама солиқ солинишини олдини олиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Халқаро комбинацияланган юк ташиш тўғрисидаги битим ҳамда Халқаро йўловчи ва юкларни ташиш тўғрисидаги битимларнинг кучга киришига эришилганлиги таъкидланди. 

Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва лойиҳа бўйича келишиш жараёнларини қисқа муддатда якунлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди - Ўзбекистон ва Туркияни боғлайдиган транспорт йўлаклари орқали юк ташиш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида ушбу йўлаклар бўйлаб “яшил линия” тезкор божхона расмийлаштируви тизимини яратиш масаласи кўриб чиқилади. Мазкур тизим товарларни олдиндан декларация қилиш ҳамда иммиграция, карантин ва манфаатдор мамлакатларнинг транспорт органлари ўртасида маълумотларнинг электрон алмашиш механизмларини жорий этишни назарда тутади. Ташқи савдо, божхона ва транспорт органлари вакилларидан иборат махсус қўшма ишчи гуруҳини ташкил этишга қарор қилинди. Гуруҳ мақсади ушбу ташаббус доирасида амалий вазифаларни ишлаб чиқиш бўлади.

Учрашув доирасида жорий йилнинг февраль ойида амалга оширилган юқори даражадаги ташриф чоғида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси”нинг бажарилиши кўриб чиқилди.

Шунингдек, учрашув якунларига мувофиқ томонлар Ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссия мажлисини шу йил охиригача Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.

Мавзуга оид