09:02 / 30.07.2020
8032

ЖССТ гидроксихлорохиннинг коронавирусни даволашда самарасиз эканини маълум қилди  

Безгакка қарши дори воситаси – гидроксихлорохиннинг коронавирусни даволашдаги фойдалилиги йирик тадқиқотлар билан тасдиқланмаган. Бу ҳақда 29 июлда ЖССТ вакили Майкл Райан маълум қилди, дея хабар бермоқда “Известия”.

Райаннинг таъкидлашича, кичик тадқиқотларда гидроксихлорохинни қўллашда муайян ижобий самара кузатилган бўлса-да, бироқ барча йирик тадқиқотлар ушбу дори воситаси қўлланишидан ижобий натижа кўрсатмаган.

ЖССТ вакилининг айтишича, гидроксихлорохин “коронавирусга чалинган беморлар ҳолатини яхшиламагани” ҳақида илмий тасдиғини топган кўплаб тиббий исботлар бор.

Ушбу воситанинг коронавирусга қарши самарасиз эканини АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи ҳам тасдиқлаган. Шунингдек, АҚШнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги гидроксихлорохиннинг коронавирусни даволашдаги хавфидан огоҳлантирган.

Аввалроқ Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси бўлим бошлиғи Клара Ёдгорова ва иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева ҳам коронавирусни даволашда “Плаквенил” (гидроксихлорохин) дорисидан фойдаланмаслик кераклигини айтганди. Ўзбекистондаги сўнгги даволаш протоколидан ушбу препарат олиб ташланган.

Гидроксихлорохин безгакка қарши дори воситаси бўлиб, ундан баъзи давлатларда коронавирусни даволашда фойдаланилган. Июнда ЖССТ ушбу воситани коронавирусни даволашда дори сифатида қўллашни тўхтатишга қарор қилганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top