09:27 / 02.08.2020
35356

Сергелида муҳтожларга пул тарқатилиши масаласи кўтарилди. Масъуллар аҳоли билан учрашди

1 август куни тушдан кейин Тошкент шаҳар Сергели туманида аҳоли вакиллари туман ҳокимлиги биноси атрофида тўпланишди.

Тўпланганлар Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилалар учун 30 июндан бошлаб берилаётган нақд пул шаклидаги маблағларнинг масъуллар томонидан тўғри тақсимланмагани давоси, шунингдек, маблағлар тақсимланишидаги айрим тушунмовчиликлар сабаб норозилик билдиришди.

Воқеа жойида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири хабар беришича, юзлаб кишилар масалага бевосита жавобгар ҳукумат вакиллари етиб келгунга қадар Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан назорат қилиб турилган.

«Эшитишимча, қийналган оилаларга ёрдам пули берилаётган экан. Бизга бу бўйича ҳеч ким ҳеч нарса демади. Шу сабаб президент халққа бераётган ёрдамини олишни учун ҳокимият биносига келдик. Биз ёрдам пули олишдан умидвормиз», – дейди Зилола исмли аёл.

Зилоланинг қўшимча қилишича, унинг турмуш ўртоғи йўқ, қўлида эса икки нафар фарзанди бор.

Ёрдам пули «темир дафтар»га кирганларга берилиши айтилган эди, сиз бу рўйхатга кирганмисиз, дея берилган саволга суҳбатдошимиз рўйхатда йўқлиги, маҳалла раиси эса унинг бу бўйича мурожаатларига эътибор қаратмаганини айтди.

Кўп ўтмай, аҳоли вакиллари йиғилган туман ҳокимлиги биноси ёнига ҳукумат вакиллари: Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа масъуллардан иборат катта гуруҳ етиб келди.

Улар аҳоли вакиллари билан бўлган дастлабки учрашувда тумандаги эҳтиёжманд оилалар учун берилган маблағлар қайта кўриб чиқилиши ва фуқароларнинг мурожаатлари бевосита барча маҳалла ҳудудларига бориб ўрганилишини билдирди.

Йиғилганлар эса муаммолари кўриб чиқилиши ва адолатли ҳал қилинишидан умид қилган ҳолда ўз уйларига қайтишди. Уларни ўз маҳаллаларига етказиш учун шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан автобуслар ташкил қилинди.

Шу куни масъуллар гуруҳи тумандаги бир нечта маҳаллага бориб, аҳоли вакиллари билан уларнинг муаммолари юзасидан очиқ мулоқот ўтказди.

«Ҳумо» маҳалласида яшовчиларнинг масъуллар билан мулоқотда айтишича, маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ёрдамга муҳтожлар учун ажратиладиган маблағлар бўйича рўйхат тузишда кўпчилик билан маслаҳатлашмаган.

«Мен уйда ёлғиз аёлман. Қизим оиласидан ажрашган, унинг икки нафар фарзанди бор. Ўзи янги олган уйимизнинг кредитини тўлаш учун Туркияга кетган.

Тўғрисини айтсам, рўйхатдан кўпчилик бехабар қолди. Маблағларни олувчиларнинг рўйхатларини тузишда қонун бузилиши ҳолатлари бўлиши мумкин. Бу ерда таниш-билишчилик бўлгани ҳақида ҳам гапиришмоқда. Ким билади дейсиз. Масъуллар ҳар хил рўйхатларни тузишда кенг аҳоли вакиллари билан маслаҳатлашиши керак», – дейди мулоқотда сўз олганлардан бири.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тушунтириш берар экан, карантин барчани қийин аҳволга солиб қўйгани, аҳолининг бу норозилиги ҳам шунинг натижаси эканини таъкидлади.

«Ким кутган экан бундай бўлишини? Биз қийин бўлса-да бунга мослашдик. Ҳозир ҳукумат ҳам имкон қадар аҳолига ёрдам беришга ҳаракат қиляпти, лекин аҳоли соғлиғини сақлаш учун ҳам карантин керак эди. Биз ҳам аҳолига ёрдам бериш, ҳам соғлиғини сақлашга интиляпмиз», деди у.

Шаҳар ҳокими моддий маблағлар тақсимланиши борасида гапирар экан, аҳоли таклифидан келиб чиққан ҳолда эндиликда ёрдамга муҳтож аҳолига маблағ тарқатиш учун рўйхатлар маҳалла йиғини раиси эмас, балки «домком»лар томонидан қилиниши, унга бу рўйхатни тузишда кўп қаватли уйларда яшовчи ёши улуғ кишилар маслаҳат беришини айтиб ўтди.

Бу ечим аҳоли вакилларини қаноатлантирди.

Масъуллар гуруҳи бир неча соат давомида шу тартибда тумандаги Янги Чоштепа маҳалласи фуқаролари билан ҳам учрашув ўтказишди. Янги чоштепаликлар аҳолисининг масъулларга мурожаат ва эътирозлари ҳам шу мазмунда бўлди.

Учрашувлар якунига кўра, Сергели туманида кўп қаватли уйларга масъул бўлган фаоллар, кўча бошилар томонидан моддий ёрдамлар учун қайта рўйхатга олиш ўтказилади. Шаҳар ҳокими фаолларни рўйхат тузишда виждонан ёндашишга чақирди.

Янги тузиладиган рўйхатлар асосида янги ҳафта бошларида фуқароларга маблағлар етказилиши ваъда қилинди.

Мулоқотларда айтилган айрим фикрларга кўра, ёрдамга муҳтож аҳолига бериладиган маблағларнинг тўғри тақсимлангани ва рўйхатга олиш жараёнининг шаффофлиги борасида ҳам қайта ўрганишлар ўтказилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат фармойиши билан республика бўйича «темир дафтар»га киритилган оилаларга тарқатиш учун 150 млрд сўм, шундан 25 миллиард Тошкент шаҳри учун ажратилган.

Пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, ушбу маблағ 30-31 июль кунлари рўйхат асосида тарқатилган. Ҳокимлик шаҳарда 20 минг 841та оила «Темир дафтар»га киритилгани, бу рўйхат янгиланиб туришини маълум қилганди.

Бунда ташқари, президент фармони билан аъзолари 1,7 миллиондан ортиқ бўлган 400 мингта муҳтож оилага қўшимча 200 миллиард сўм ажратилган. Ушбу маблағ ҳам «темир дафтар»га киритилган оилаларга 15 августга қадар тарқатиб чиқилади.

Моддий ёрдам оладиган оилалар рўйхати секторлар кесимида тузиб чиқилган бўлиб, пул тарқатилишини назорат қилиш ҳам сектор раҳбарлари зиммасига юклатилган.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Top