Жамият | 13:57 / 04.08.2020
17446
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ғуломқодир Рашидов вафот этди

Тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ғуломқодир Рашидов 2020 йил 1 август куни 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берган.

1926 йил 6 июлда Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасида таваллуд топган. 1943 йил Ўрта Осиё давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирган. Илмий фаолиятини 1960 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида бошлаган. 1967-1986 йиллар давомида ЎзР ФА Тарих институтининг «Шаҳарлар тарихи» бўлими мудири, 1960, 1986-1992 йилларда Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори вазифасида фаолият кўрсатган.

Илмий фаолияти давомида Ўзбекистон шаҳарларининг тарихини ўрганишга катта эътибор берди. 1960-1980 йилларда кўпгина шаҳарлар тарихи, уларнинг жамиятдаги аҳамиятига оид илмий тадқиқотлар олиб борилди. Унинг раҳбарлигида Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Қўқон ва бошқа шаҳарлар тарихини ўзида акс эттирувчи қатор илмий нашрлар чоп этилди. Қадимги шаҳарлар билан бир қаторда ХХ асрда ташкил топган шаҳарлар тарихи бўйича ҳам катта изланишлар олиб борди. Олимнинг саъй-ҳаракати билан Олмалиқ, Бекобод, Чиноз, Навоий, Бойсун, Янгиер, Гулистон каби ўнлаб янги шаҳарлар тарихини яратилди.

Ўзининг музейдаги фаолияти давомида музей экспозициясини такомиллаштириш, музейшуносликка оид илмий асарлар нашр этиш, музей фондларини бойитишда алоҳида фаоллик кўрсатди.

Ғ.Рашидов 160 дан ортиқ илмий нашрлар, 300 дан ортиқ мақолалар чоп этган. Шунингдек, унинг раҳбарлигида 30 дан ортиқ фан доктори ва номзодлари муваффақиятли ҳимоя қилди. Ўзининг илмий-педогогик фаолияти давомида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида талабаларга Ўзбекистон тарихидан сабоқ берди.