19:25 / 05.08.2020
57106

Байрутда россияликлардан мусодара қилинган селитра портлаган

Ливан президенти Мишель Аун чоршанба куни Байрутдаги портлаш 2,75 минг тонна миқдоридаги аммиак селитра туфайли рўй бергани ҳақида расман маълум қилди.

Фото: Tony Vrailas / Marinetraffic.com / EPA / Scanpix / LETA

Бу Ливанда 2014 йилда россияликлар кемасидан мусодара қилинган ва йўқ қилиш учун омборхонада сақлаб келинган селитра бўлган. Ливандаги LBCI телеканали мудофаа бўйича олий кенгашга асосланиб хабар қилишича, айнан шу юк портлаш манбайи бўлган.

Юк тарихи ва кеманинг россияликка тегишли бўлгани ҳақида кеманинг собиқ капитани Борис Прокошев «Сибирь. Реалии» нашрига берган интервьюси ҳақида айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, селитра ортилган кема россиялик Игорь Гречушкинга тегишли бўлган ва Байрут портида 2014 йилда порт йиғими тўланмагани учун ушлаб қолинган.

Прокошевнинг сўзларига кўра, Ливан ҳукумати Грушечкин тўлов қилмагани учун узоқ вақтгача денгизчиларни қўйиб юбормаган.

Кемада жами тўрт денгизчи қолган - капитан Прокошев, у Россия фуқароси ва уч украиналик. Улар ёқилғини сотишган ва оқловчи ёллашган. Бу адвокат уларга уйга қайтишга ёрдам кўрсатган. Капитаннинг айтишича, юк Транспорт вазирлиги назоратида омборхонага ўтказилган, кема эса чўктириб юборилган. 

Капитаннинг сўзлари 2014 йилда матбуотда тарқалган маълумотларга мос келади.

Бу номдаги кема 2 750 тонна селитра билан Байрут портида қўлга тушгани ҳақида 2015 йилда shiparrested.com сайти хабар берганди. Материалда Молдавия байроғи билан ҳаракатланган бу кема Грузиянинг Батуми шаҳридан Мозамбикка қараб йўл олгани, аммо 2013 йил сентябрида режадан ташқари тўхтаб, бортдаги носозликни бартараф этиш учун Байрут портига киргани айтилган.

Ливанлик инспекторлар кемада ўтказилган текширувдан кейин унга портни тарк этишга рухсат бермаган. Экипажнинг асосий қисми қўйиб юборилган, фақат тўрт денгизчи кемада қолган, кема эгаси билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

2014 йил июлида Украинадаги odessitua.com портали Rhosus кемасида қолган тўрт денгизчининг мактубини эълон қилган, унда денгизчилар ўзларини «асирликдан қутқариш»ни сўраган.

Хабарда кеманинг амалдаги эгаси Россия фуқароси, асли Хабаровскдан бўлган, ўша вақтда Кипрда яшаган Игорь Гречушкин экани айтилган. 

«Жаноб Гречушкин Игорь кемани ва экипажни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Экипажнинг яшаши учун умуман пул берилмади, кемани бутунлай унутди... Айтишларича, банкрот бўлган», деганди кема капитани Борис Прокошев.

Денгизчилар кемада бир йилча яшашган ва фақат 2014 йилнинг сентябрига келиб ватанга қайтишган.

MarineTraffic хизмати маълумотларига кўра, Rhosus кемаси турган жой сўнгги марта 2014 йил ноябрида - душанба куни портлаш рўй берган ҳудудда қайд этилган.

Ливаннинг LBCI телеканали маълумотига кўра, Мудофаа бўйича олий кенгаш йиғилишида Rhosus кемаси Африкага йўл олгани, аммо сузиш вақтида шикастлангани учун Байрут портига кирган бўлгани ҳақида айтилган.

Шунингдек, кемадан мусодара қилинган 2 750 тонна аммиак селитраси портнинг 12-причалига жойлаштирилган, бу ерда юк утилизация қилиниши керак бўлгани, аммо «яқинда ўтказилган текширувда омборхонада туйнук бўлгани ва у ердан ичкарига осонлик билан кириш мумкин бўлгани аниқлангани» ҳақида маълум қилинган.

Канал маълумотига кўра, портлаш бу туйнукни ёпиш учун қилинаётган пайвандлаш ишлари вақтида келиб чиққан: «учқун пиротехника моддалари алангаланишига сабаб бўлган, бу ўз навбатида эквиваленти 1800 тонна тротилга тенг бўлган 2 750 тонна нитрат аммонийни портлатган.

AFP

Гречушкин ҳақида нималар маълум?
Игорь Гречушкин 1977 йилда Узоқ Шарқда, Ванино посёлкасида туғилган.

LinkedIn сайтидаги маълумотларга кўра, у Хабаровскдаги Узоқ Шарқ давлат хизматлари академиясида ўқиган. 1990-йилларнинг иккинчи ярмида у Кипрнинг «Дартмонт Шиппинг Лимитед» компаниясига маҳаллий вакил бўлиб ишга кирган. Бу компания ванинолик бизнесмен Виктор Даниловга тегишли бўлган.

2000-йилларнинг биринчи ярмида Гречушкин ўғирлик учун қамалган. Ванинода Гречушкиннинг қариндошлари бор.

BBC Гречушкин билан боғлана олмаган. Унинг ўзи ҳам мессенжерлардаги хабарларга жавоб қайтармаган.

Селитра билан боғлиқ портлашлар бўлиб турадими?

Байрутнинг порт мавзесида 4 август куни кучли портлаш юз берди. Ундан аввал яна бир, кучсизроқ портлаш кузатилган. Иккинчи портлашнинг тўлқини кучи 3,3 магнитудали зилзилага тенг сейсмик тўлқинларни келтириб чиқарди. Бу ҳатто Ливандан 240 километр масофада жойлашган Кипрда ҳам сезилган. Байрутнинг ўзида эса портлаш жойидан 10 километр масофада жойлашган бинолар зарар кўрган: уларнинг ойналари синиб кетган ва балконлари кўчиб тушган. Шаҳарнинг зарар кўрган ҳудудларида автомобиллар портлаш сабаб ағдарилиб кетган, кўчалар вайрон бўлган бино бўлакларига тўлган.

Байрут губернатори Марвон Аббуднинг маълум қилишича, портлашдан кўрилган зарар миқдори 3 млрд доллардан 5 млрд долларгача ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, Байрут портидаги портлашлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 100 нафардан ошган, 4 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Британия қишлоқ хўжалиги соҳаси Конфедерацияси раҳбари Жо Гилбертсон BBC билан суҳбатда аммиак селитра билан боғлиқ портлашлар жуда кам кузатилишини айтиб ўтган. Аммо бундай портлашлар содир бўлганда жуда оғир оқибатларга олиб келган.

У мисол сифатида 1921 йилда Германиянинг Оппау шаҳридаги химия заводида ва 1947 йилда Американинг Тексас-Сити шаҳрида содир бўлган ҳодисаларни келтирган.

Икки фожиада ҳам камида 500 нафардан одам ҳалок бўлган.

2015 йилда эса Хитойнинг Тяньцзин портида рўй берган портлаш оқибатида 173 киши ҳалок бўлган.

Мавзу
Байрутдаги портлаш
4 август куни Ливан пойтахти Байрутда вайронкор портлаш рўй берди.
Барчаси
Top