Спорт | 16:11 / 05.08.2020
38442
9 дақиқада ўқилади

«РПЛнинг энг зўр дриблингчиси». «Спартак» Ўруновни нега сотиб олди?

Москванинг «Спартак» клуби Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Остон Ўруновни ўз сафига қўшиб олди. Бугун, 5 август куни москваликлар клуби ушбу 19 ёшли футболчи трансфери ҳақида расман эълон қилди.

Фото: «Спорт-Экспресс»

«Спартак» клуби «Уфа» билан яримҳимоячи Остон Ўрунов трансфери борасида келишувга эришган. ОАВ хабарига кўра, футболчи трансфери 2 миллион еврога тушган. 19 ёшли ўзбекистонлик футболчи москваликлар клуби билан узоқ муддатли шартнома имзолаган.

Ўрунов янги жамоасида 20-рақам остида тўп суради.

Хўш, Россиянинг энг номдор клубларидан бири бўлган, молиявий имкониятлари юқори бўлган «Спартак» нега ўзбекистонлик футболчини сотиб олишга қарор қилди?

«РПЛнинг энг зўр дриблингчиси»

Трансфер қандай содир бўлганининг бошқа жиҳатлари ҳақида кейинроқ гаплашсакда, аввал унинг соф футбол томонидан сабабига қарасак. «Спартак» катта клуб. МДҲ мамлакатлари орасида энг машҳур жамоалардан бири. Табиийки, Европа футболида кучлилар қаторида бораётган Россия футболи етакчиларидан бўлган бу жамоа сафида ўйнашни рус футболига бефарқ бўлмаган ҳар қандай футболчи хоҳлайди. Тўғри, ҳозир «Спартак» энг яхши ҳолатида эмас ва еврокубоклардан ҳам қуруқ қолган. Шундай бўлса-да, жамоанинг номи ҳамон кўп нарсани англатади.

«Спартак» Остон Ўруновни қандайдир шов-шув ёки пиар учун эмас, майдонда унинг ҳаракатларига эҳтиёж сезгани учун сотиб олди. Россиянинг етакчи спорт газетаси «Спорт-Экспресс» Остонга муносиб таъриф берди – РПЛнинг энг яхши дриблингчиси. Албатта, бу ерда бироз метафора бор, чунки Россия чемпионатида техник жиҳатдан жуда кучли бўлган бошқа футболчилар ҳам ўйнайди, бироқ мавсумнинг иккинчи ярмида Остон чиндан ажралиб турди. Биласизми, унинг ҳаракатлари боксчи Рой Жонсни эслатиб юборади. Эсингизда бўлса, бу афсонавий боксчи ҳимоясини очиб рақибларига очиқчасига муштлашувни таклиф қилар ва бу учун уни яхши кўришарди. Остон ҳам бир неча марта рақибларини очиқчасига дуэлга таклиф қилиб алдаб кетганини кўрдик. Айниқса, бурчак тўпи нуқтасига яқин жойда тўпни тўхтатиб, рақибининг келишини кутган вақтлари Остонни беихтиёр Рой Жонсга ўхшатиб юбориш мумкин эди.

Унинг «Спартак»ни ром этган асосий хусусияти ҳам айнан қатъияти бўлди. Ҳали ёш йигитчадаки шунчалик қатъият бўлса, йиллар ўтиб қўшилган тажриба уни қандай футболчига айлантириши мумкинлигини тасаввур қилаверинг. Албатта, ҳаммаси яхши давом этса. Ҳаммаси тўғри ва кўнгилдагидек давом этиши учун эса «Спартак» 19 ёшли футболчимиз учун мавжуд бўлиши мумкин бўлган энг яхши вариант.

10та ўйин ва 2 миллион евро

Остоннинг трансферидан энг кўп ютган, шубҳасиз, «Уфа» бўлди. Ахир ўзбекистонлик 19 ёшли футболчини олиб келиб, уни 10та ўйинда майдонга тушириб, 2 миллион еврога сотиб юборишга ҳар қандай клуб ҳам йўқ демаган бўларди. Ўзбекисонлик мухлислар Остон «Уфа»га борганига унга ҳам Александр Зинченконинг йўлини беришини тилашганди. Биласиз, «Манчестер Сити» футболчиси бўлган Зинченко «шаҳарликлар» сафига айнан «Уфа»даги ўйинлари орқали йўл олганди. Остон учун ҳам «Уфа» трамплин вазифасини бажармоқда.

Ўрунов «Уфа» афсоналаридан бирига айлана олмаган бўлса-да, келажакда катта футболчи бўлиб кетса, унга катта футбол йўлини очган жамоа сифатида «Уфа» клуби номи ҳам албатта тилга олинади. Биз унинг «Навбаҳор» ёки «Локомотив»даги ўйинлари ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, Остон Европа футболи учун «Уфа»дан чиққан йигит бўлиб қолаверади.

Ҳар томонлама қулай трансфер

«Спартак» учун Остон ҳар томонлама қулай трансфер бўлди. Биринчидан, Остон майдонда уялтириб қўймаслигини кўрсатиб бўлди ва Россия футболи ҳавосига ўрганди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик ёш футболчи учун «Спартак»да ўйнаш қандай аҳамият касб этишини клубдагилар тушуниб туришибди. Бир йил олдин Ўзбекистон чемпионатида мураббий билан келиша олмай захирада ҳам қолиб кетган футболчи бугун «Спартак»га ўтгач, табиийки ўзини кўрсатиш учун бор кучи билан ҳаракат қилади.

Ўзбекистонлик футболчилар россиялик ёки РПЛда ўйнайдиган бошқа футболчилар каби ҳар хил шартлар қўймаслиги ҳам «Спартак» учун яхши ҳолат. Россиялик футболчиларнинг маош ва шароитлар борасида қанақа ақл бовар қилмас шартлар қўйишини эшитганмиз, аммо бизнинг легионерларда бунақа одат йўқ. Масалан, «Спартак» бераётган йиллик 600 минг доллар маош рус футболчиси учун кам бўлиши мумкин, лекин ўзбекистонлик футболчи бу пулни кам деб тўполон қилмаслиги аниқ.

Яна бир жиҳат. Бунга ишониш қийин бўлса ҳам, Остоннинг «Спартак»да ўйини чиқмаса, уни бошқа жамоага трнасфер қилиш ҳам қийин бўлмайди. Чунки миллий жамоа аъзоси, 2 миллион евро эвазига сотиб олинган 19 ёшли футболчининг харидори кўп бўлади. Айтайлик, Осиёнинг гранд жамоалари. Бизнинг қитъада легионерлар чекловининг «3+1» кўринишда бўлгани Европада ўйнаётган ҳар қандай осиёлик футболчининг трансфер нархини оширади. Албатта, Остон «Спартак»га бошқа жамоага ўтиш учун эмас, ўзини кўрсатиш учун бормоқда, лекин футболнинг бир жиҳатдан бизнес эканини инобатга олсак, Федун бу жиҳатни ҳам эътиборга олган бўлса керак.

Ўзбек футболи учун муҳимроқ трансфер

Бу трансфер «Спартак»дан ҳам кўра ўзбек футболи учун фойдалироқ ва муҳимроқ бўлди. Бизнинг яна бир футболчимиз учун Европа клуби катта пул сарфлагани ўзбеклар ҳам бекорга футбол ўйнаб юрмаганини кўрсатди. Остон ҳали миллий жамоанинг асосий футболчиларидан эмаслигини инобатга олсак, халқаро майдонда «Ҳали уларнинг жамоасида асосий таркибда ўйнамайдиган вакили шундай бўлса, қолганлари қандай экан», деган тасаввур ҳам бўлади. Бир ҳафта ичида икки нафар ўзбек футболчиси Россия гранди сафига бориб қўшилди. Бири 17 ёшда («Бунёдкор»дан Москванинг «Локомотив» клубига трансфер қилинган Жасур Жалолиддинов), бири 19 ёшда. Ҳар иккиси учун керак бўлса жаҳон чемпионларини олиб келиб ўйната оладиган рус клублари пул сарфлашди ва ўзбек футболи учун катта нарса. Бу трансферлар камида ёшлар футболига бўлган эътибор ёмон тарафга қараб кетмаётганидан нишона.

Остон характери оғир футболчими?

Остон Ўруновни мухлисларга танитган жамоа «Навбаҳор» ҳисобланади. Ўрунов марказда Абдужамол Исроилов билан қандай ўйинлар кўрсатганини эсласангиз керак. Бу икки йигитча ёш футболчиларда доим ҳам учрамайдиган фавқулодда қатъият билан майдон марказида рақиблар учун «хаос яратишарди». Канчельскис бошқаруви вақтида Остон захирада ҳам қолганди. Қайсидир ўйиндан кейин россиялик мураббий унинг захирага олингани ҳақида шундай деганди: «Остон бугун футбол ўйнаш учун эмас, майдондаги позициясидан норози эканини кўрсатиш учун тушди». Кейинги ўйиндаёқ Ўрунов мураббийнинг танбеҳини тўғри тушунган ва Канчельскис шундай деганди: «Остон танқидларни тўғри қабул қилди ва чиндан юқори даражали футболчи эканини исботлади».

Остон характери оғир футболчи эканини айтишади, лекин бундай ҳолат қар қандай футболчи билан содир бўлиши мумкин. Агар унинг характери шунчалик ёмон бўлганида Купер уни 18 ёшидаёқ миллий жамоага чақирмасди. Ҳа, Купер Остонни яхши кўрарди, уни йиғинларга доим чақирарди. Остоннинг илк шахсий соврини «Ўзбекистонда йилнинг энг яхши ёш футболчиси» унвонини Купер топширганди. Футболчининг инстаграм саҳифасидаги илк пост ҳам айнан Купердан мукофот олаётган сурати бўлган.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид