Жамият | 15:59 / 05.08.2020
23155
2 дақиқада ўқилади

Тарбия фанидан қайси фан ўқитувчилари дарс ўтиши мумкинлиги маълум қилинди

Тарбия фанини бошланғич таълим, миллий ғоя ва ҳуқуқ, тарих ҳамда диншунослик мутахассислигига эга фан ўқитувчилари ўқитиши мумкин.

Бугун, 5 август куни АОКАда ўтказилган онлайн брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова ўқув дастурига киритилаётган янги тарбия фанидан қайси фан ўқитувчилари дарс бериши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Вазирлик расмийсининг қайд этишича, тарбия фанини бошланғич таълим, миллий ғоя ва ҳуқуқ, тарих, диншунослик мутахассислигига эга фан ўқитувчилари ўқитиши мумкин.

«Бугунги кунда ушбу фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича онлайн курслар ташкил этилмоқда», деган Лайло Рустамова.

Шунингдек, ахборот хизмати раҳбари айни пайтда мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик олиб борилаётгани, 1-синфга қабул ишлари амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

«Шунинг учун бу вазиятда меҳнат таътили тугаган ўқитувчилар иш берувчи билан келишувга эриша олса, масофадан туриб, агар мактабга бориб ишлашларига тўғри келса, унда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш жойида фаолиятини давом эттириши мумкин», деди вазирлик вакили.

Мавзуга оид