08:16 / 08.08.2020
3240

Uber таомлар етказишдан илк бор такси хизматидан кўра кўпроқ фойда олди

Uber компанияси чорак бўйича таомлар етказишдан илк бор такси хизматидан кўра кўпроқ тушум олди. Компаниянинг йўловчилар ташишдан чорак бўйича олган тушуми 3,05 млрд долларни, таомлар етказишдан олган тушуми эса 6,96 млрд долларни ташкил қилган. Бундай рақамлар компаниянинг 2-чорак бўйича ҳисоботида келтирилган.

Компания соф зарарни 66 фоизга, яъни 1,8 млрд долларгача қисқартира олган. 2019 йил 2-чорагида бу кўрсаткич 5,24 млрд долларни ташкил қилган.   

Компаниянинг йўловчиларни ташиш бизнесидан олган тушуми 75 фоизга қисқариб, 3,05 млрд долларни ташкил қилган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 12,188 млрд долларга етган эди.   

Uber’нинг таомлар етказишдан олган тушуми такси хизматидан олган тушумидан 2 марта кўпроқни - 6,96 млрд долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2019 йилдагига нисбатан 206 фоиз кўпроқни ташкил қилган: компания ўшанда таомлар етказишдан 3,38 млрд доллар олган.    

“Коронавирус пандемияси таомлар етказишни люкс тоифадан оддий маиший хизматлар тоифасига айлантирди”, деб изоҳ берган компания бош директори Доро Ҳусравшоҳий.

Унинг таъкидлашича, компаниянинг такси бизнеси дунёнинг турли қисмларида турлича пасайган: 2-чоракда АҚШда таксида ташувлар сони йил ҳисобида 50-85 фоизга, Европанинг етакчи бозорлари, жумладан, Франция, Испания ва Германияда 35 фоизгагина камайган.

Компания зарарларни қисқартириш учун 2020 йил майида 6700 ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўлган ва 45 та офисини ёпишини эълон қилган.

Top