10:06 / 11.08.2020
10846

Бухорода автомашинанинг техник ҳолатини текширмаслик икки кишининг ўлимига олиб келди

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2020 йил 10 август куни соат тахминан 15:30ларда фуқаро У.Б. ишончнома асосида бошқарувида бўлган “Москвич” русумли автомашинани Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Соҳибиён” МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўл, яъни Соҳибиён қишлоғидан Шўрча қишлоғи томонга бошқариб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, автомашинанинг олд томон ғилдираги чиқиб кетиши оқибатида, у бошқарувни йўқотиб ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидаги ариққа ағдарилиб кетган.

Натижада, автомашинада йўловчилари 50 ёшли А.И. ва 44 ёшли Ғ.Р. ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли ҳайдовчилар, юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, ҳар куни транспорт воситангизнинг техник ҳолати, эҳтиёт қисмларининг созлигини текшириш ёдингиздан чиқмасин!” - дейилади маълумотда. 

Top