Ўзбекистон | 18:33 / 16.08.2020
7733
1 дақиқада ўқилади

Россиялик мутахассислар коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга учиб кетди

Фото: Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги

Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир гуруҳ мутахассислари Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни баҳолаш ва зарур ёрдам кўрсатиш учун Тошкентга учиб кетди. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Таъкидланишича, Россия ҳукумати топшириғи билан 16 август куни Тошкентга Н.Пирогов номидаги ва Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги кардиология миллий тиббий-жарроҳлик марказлари мутахассислари ҳамда Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Татаристондаги тиббиёт муассасалари ходимлари учиб кетган.
 
Маълумотларга кўра, Тошкентга юборилган гуруҳ таркибида тажрибали инфекционистлар, анестезиолог-реаниматологлар, пульмонологлар, жарроҳлар, кардиологлар, неврологлар, терапевтлар, жами 39 киши бор. Россиялик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бир ой давомида ишлашлари режалаштирилган. 

Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 35109 кишини, соғайганлар 30664 кишини ва вирусдан вафот этганлар 230 кишини ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид