07:46 / 19.08.2020
6270

Тошкентдан Бўстонлиққа автобус қатнови йўлга қўйилди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳамда пойтахт аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри “Машинасозлар метро бекати” – Бўстонлиқ “Юсуфхона қўрғони” йўналишида янги автобус қатнови йўлга қўйилди.   

Фото: Транспорт вазирлиги

Мазкур йўналишда қатновнинг ташкил этилиши билан дам олиш кунлари тоғ ёнбағрида мароқли ҳордиқ чиқариш истагида бўлган пойтахт аҳолиси учун Бўстонлиқ туманига қулай шароитда бориб келиш имконияти яратилди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, автобус йўналишининг масофаси бир томонга сал кам 83 км.ни ташкил этади. Автобуслар ушбу масофани 1 соат 35 дақиқада босиб ўтади.  Ушбу йўналишга Тошкент вилояти Қибрай туманига қарашли “Тошкент вилояти шаҳарлараро йўловчи ташиш автосаройи” МЧЖ томонидан замонавий, барча қулайликларга эга бўлган YUTONG автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади.

Ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ бир кунда 18 та қатнов амалга оширилади. Ҳар куни соат 6:00 да илк автобус “Машинасозлар метро бекати”дан йўналишга чиқади. Кун давомидаги охирги автобус қатнови “Юсуфхона қўрғони” дан соат 20:55 Тошкент шаҳри томон йўлга чиқади.

Ушбу йўналишда йўлкира ҳақи 10 000 сўм этиб белгиланган.

Билдирилишича, автобус қатнови бош вазир томонидан  “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этишни жадаллаштириш чоралари тўғрисида” ўтказилган йиғилишда Транспорт вазирлигига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.  

Top