00:23 / 25.08.2020
6442

Туркия Абу-Даби амирлиги валиаҳдининг яқин маслаҳатчисини халқаро қидирувга берди

Фото: Ali Jarekji / Reuters

Туркия БААнинг Абу-Даби амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг яқин маслаҳатчиси Муҳаммад Даҳлонни ҳибсга олмоқчи. Бу ҳақда Middle East Monitor нашри хабар берди

Таъкидланишича, расмий Анқара Интерполга Даҳлонни қўлга олиш талаби билан расмий ариза йўллаган. Даҳлон Туркияда жосуслар тармоғини ташкил этишда ва 2016 йилдаги ҳарбий қўзғолонга алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Туркияда Даҳлон анчадан бери энг қидирилувчи жиноятчилардан бири саналади. Унинг қаердалиги ҳақидаги маълумот учун ҳаттоки 10 млн турк лираси (385 минг доллар) миқдорида мукофот пули ҳам тайинланган.

Муҳаммад Даҳлон Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси бўлиб, бунгача Фаластиннинг ФАТҲ партияси аъзоси ҳисобланган.

Таъкидланишича, Ол Наҳаён маслаҳатчисининг халқаро қидирувга берилиши БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳақидаги сулҳ тузилгани эълон қилингандан кейин юз берган. 13 августда АҚШ президенти Дональд Трамп икки давлат АҚШ воситачилигида ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олганини маълум қилган.   

БАА Исроил билан дипломатик муносабатларни ўрнатган учинчи араб давлати бўлди. Аввалроқ Исроил билан тинчлик сулҳи тузишга 1979 йилда Миср ва 1994 йилда Иордания муваффақ бўлган.

 

Top