«Эгалари уйларини бизга эмас, россияликларга ижарага беришни исташади, чунки улар икки баробар кўпроқ ҳақ тўлашади. Бизнинг ижара ҳақимиз ҳам кўтарилиб кетди», дейди 23 ёшли Дилян. У гўзаллик салонида ишлайди ва кунига 300 лира (9,3 доллар) пул топади. У ўзининг ёш болаларига сўнгги марта қачон гўшт харид қилганини эслай олмайди.

Анталя — Туркиянинг йирик шаҳарлари бири, мамлакат ташқарисида машҳур курорт. Лекин унинг иккинчи номи ҳам бор: «Кичик Россия».

Шаҳар мэри Муҳиддин Бўчекнинг айтишича, шаҳарнинг 2,5 млн аҳолисидан 200 минги рус тилида сўзлашади.

Расмий маълумотларга кўра, руслар — Анталядаги энг йирик хорижий қатлам, улардан кейин қозоқлар ва украинлар туради.

Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 32 минг россиялик ва 14 минг украиналик Анталяда яшаш учун истиқомат гувоҳномаси олган.

BBC’нинг туркиялик мухбири Фунданур Ўзтурк Анталядан репортаж тайёрлади.

Россия Украинага бостириб киргач, янги миграция оқимлари туфайли шаҳарда жузъий ўзгаришлар рўй берди. Тураржойларнинг нархи ва ижара баҳоси кескин кўтарилиши баробарида маҳаллий аҳолининг хорижликларга ёвқараши ҳам оша бошлади.

Уруш бошланганидан сўнг шаҳарда тураржой ижараси баҳоси осмонга ўрлаб, икки ой ичида беш баробарга кўтарилди.

Анталя — хорижликлар мамлакат аҳолисидан кўра кўпроқ тураржой харид қилган Туркиянинг ягона шаҳри. Муҳиддин Бўчекнинг сўзларига кўра, биргина россияликларнинг ўзи 90 мингдан ортиқ уй ва хонадонларни харид қилишган.

Шаҳарнинг шаҳар ва маҳаллий режалаштириш бўйича мутахассиси Бугра Гўкчанинг айтишича, 2022 йил мартидан буён Анталяда тураржойлар нархи қарийб 4 баробарга кўтарилган.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарда аввал квартира ижараси ойига 3600 лира (112 доллар) бўлган бўлса, ҳозир 14 минг лира (435 доллар)ни ташкил этади.

«Ўз давлатидаги иммигрантлар»

23 ёшли Дилян суриялик қочқинлар ва мигрантлар энг кўп тўпланган туманда истиқомат қилади. Унинг айтишича, қочқин сурияликлар ва қочқин россияликлар тушиб қолган вазиятни ҳаттоки солиштириб ҳам бўлмайди.

«Мен сурияликлар бизга келиб жойлашганини қоралай олмайман, чунки уларнинг устидан бомба ёғдириб турилган. Россияликларда эса вазият бошқача. Уларда пул бор, бу ерда ҳамма нарса арзонлиги учун келиб олишган. Улар бизнинг ҳаётимизни ўғирлаш баробарида уни қийинлаштирмоқда», — деган сартарош қиз.